Шавкат Мирзиёев Тошкентга қайтиб келди

Жамият 8486
image

Бугун, 22 апрель куни Ўзбекистон Президент Шавкат Мирзиёев Қарши шаҳридаги кичик саноат зонасида жойлашган “UzShoes” қўшма корхонаси фаолияти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, давлат раҳбари Қашқадарёдаги чарм маҳсулотларини қайта ишлашга мўлжалланган “UzShoes” корхонасида бўлган. Мазкур корхона беларуслик ишбилармонлар билан ҳамкорликда 6 миллион доллар эвазига ташкил этилган. Корхонага Германия, Италия ва Австриядан ускуна ва жиҳозлар келтириб ўрнатилган. 350 та иш ўрни яратилган.

Шу билан бирга, Қаршида тикилган пойабзаллар Европа мамлакатларидаги 100 дан ортиқ савдо дўконларида сотилмоқда. Қўшни давлатлар ва Ҳиндистон билан келишувларга эришилган.

Ташриф давомида, Шавкат Мирзиёев пойабзалларни тайёрлаш жараёнини кўздан кечирган, шу ерда ишлаётган хотин-қизлар билан суҳбатлашган.

Шунингдек, Президент Қарши шаҳрида спорт таълими бўйича тақдимот билан танишган. Спортни ривожлантириш вазири ёшлар ўртасида оммавий спортни ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича 1 апрель куни ўтказилган йиғилишдаги вазифалар ижроси тўғрисида ҳисобот берган. Мутасаддиларга чет эллик мутахассисларни жалб этиб, селекция ишлари ва ўқув дастурини тўғри шакллантириш бўйича кўрсатмалар берган.

Шу билан Президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятига ташрифини якунлаб, Тошкентга қайтиб келган.

 

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 122
Рейтинг: 3.1
t
×