Шавкат Мирзиёев Россия Соғлиқни сақлаш вазирини мукофотлади
Жамият
−
17 Декабрь 2020
3815Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашко ва унинг ўринбосари Олег Гридневга Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев фармони билан таъсис этилган “Меҳр-саховат” кўкрак нишони топширилди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги қисқа вақт ичида ўзбекистонлик ҳамкасбларига коронавирусга қарши курашишда услубий ва амалий ёрдам кўрсатиш учун 75 нафар етакчи тиббиёт мутахассисини юборган.
Шунингдек, Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва инсон фаровонлигини назорат қилиш федерал хизмати билан ҳамкорликда Ўзбекистонга 1400 тўплам тест тизимларини тақдим этган. Бу вирусни ўз вақтида аниқлаш ва COVID-19 тарқалишини олдини олишга кўмак берган.
Вазир Михаил Мурашко мукофот учун миннатдорлик билдириб, келгусида самарали ҳамкорлик қилиш, шу жумладан, Ўзбекистонда Россия университетлари филиалларини очишга умид билдирган.
Маълумот учун ушбу кўкрак нишон Ўзбекистон Президентининг 2020 йил 26 майдаги фармонига мувофиқ коронавирус пандемияси оқибатларини бартараф этишда мардлик ва жасорат намунасини кўрсатган, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларга беминнат кўмак бериш борасидаги ишларни умумхалқ ҳаракати даражасига кўтаришга катта ҳисса қўшган юртдошларимиз ва хорижий фуқароларни тақдирлаш мақсадида таъсис этилган.
LiveБарчаси