Шавкат Мирзиёев Путин билан телефон орқали мулоқот қилди
Жамият
−
30 Ноябрь 2020
10627Бугун, 30 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Матбуот хизмати хабар берди.
Мулоқотда икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган.
Жорий йилнинг декабрь ойида видеоанжуман шаклида ўтказилиши режалаштирилган Ўзбекистон раислигидаги МДҲ саммитига тайёргарлик кўриш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Россия Президентлари коронавирус пандемиясининг тарқалиши оқибатида келиб чиққан глобал инқироз шароитида икки томонлама савдо-иқтисодий алоқалар барқарор суръат билан ривожланиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилган.
“Хусусан, ўзаро ташрифлар фаол амалга оширилмоқда, Ҳукуматлараро қўшма комиссия ва бошқа ҳамкорлик механизмлари унумли ишлаяпти, ўзаро савдо ҳажмлари ортиб, иқтисодиётнинг турли тармоқларида саноат кооперацияси бўйича устувор лойиҳалар ҳамда гуманитар алмашинув дастурлари давом эттирилмоқда.
Президентлар халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар, бўлажак олий даражадаги тадбирлар режасини муҳокама қилдилар.
Суҳбат ҳар доимгидек самимий, дўстона ва конструктив руҳда ўтди”, дейилади Ўзбекистон Президенти Матбуот хизмати хабарида.
Россия Федерацияси Президенти Матбуот хизмати Шавкат Мирзиёев билан мулоқот ҳақида хабар бермаган.
LiveБарчаси