Шавкат Мирзиёев октябрда Хитойга боради
Жамият
−
01 Сентябрь 2023
3123Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев октябрь ойида Хитойга ташриф буюради. Бу ҳақда Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпиннинг Ўзбекистон Мустақиллиги куни муносабати билан йўллаган табригида маълум бўлди.
Табрик аввалида Хитой раиси Си Цзиньпин Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан Шавкат Мирзиёев ва Ўзбекистон халқига самимий табрик ва тилакларини йўллаган.
“Бу йил Ўзбекистон мустақилликка эришганидан буён алоҳида муҳим йил бўлди. Мамлакатингизда янги Конституция бўйича референдум ва муддатидан олдин Президент сайлови муваффақиятли ўтказилиб, Ўзбекистоннинг юксалиши ва бардавом тараққиёти учун мустаҳкам пойдевор яратилди. Сизнинг раҳнамолигингиз остида Янги Ўзбекистон барпо этилишида янада катта ютуқларга эришилишига ишонаман”, дейилади табрикда.
Шунингдек, табрик матнида Си Цзиньпин Шавкат Мирзиёевни жорий йилнинг октябрь ойида Хитойда ўтказиладиган “Бир макон, бир йўл” учинчи халқаро ҳамкорлик форумига таклиф қилган.
“Мен Хитой-Ўзбекистон муносабатларига алоҳида аҳамият қаратаман. Сиз билан ўрнатилган ҳамкорлик муносабатларимиз ва шахсий дўстлигимизни юксак қадрлайман. Давлатларимизнинг ҳар томонлама стратегик шериклигининг барқарор ва изчил ривожлантириш ҳамда хитой-ўзбек ҳамжамиятининг қурилишига янги туртки бериш учун сиз билан ҳамкорлик қилишга тайёрман”, дейилади табрикда.