Шу халқ учун ойлик олиб юрибсизлар – Шавкат Мирзиёев Андижонда йиғилиш ўтказяпти
Жамият
−
22 Май 2020
7901Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Андижон вилояти ва туманлари ҳокимлари, иқтисодиёт тармоқлари раҳбарлари иштирокида йиғилиш ўтказмоқда.
Президент сўзининг бошида барчани Рамазон ҳайити муносабати билан муборакбод этди.
Иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш, иш ўринлари ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Андижон вилоятида 40 мингдан зиёд муҳтож оилалар борлиги, саноат лойиҳалари, қишлоқ хўжалиги ва томорқачилик, оилавий тадбиркорлик, ҳунармандчилик, ўзини ўзи банд қилиш ҳисобига уларга даромад манбаи яратиш зарурлиги таъкидланди.
“Бош вазир ўринбосарлари, ҳокимлар ва сектор раҳбарлари ҳар бир камбағал оила муаммоларини аниқ билиши, улар билан манзилли ишлаши керак”, деди Шавкат Мирзиёев.
Энди ҳар бир секторда “Камбағалликни қисқартириш штаби” ташкил этилиши белгиланди. Бу штабларга иқтисодиёт, молия, меҳнат, инвестиция, солиқ идоралари ва банк вакиллари бириктирилади. Уларнинг иш ҳақи миқдори эришилган натижаларга боғлиқ бўлади. Солиқ идоралари текширувчи эмас, солиқчига кўмакчи бўлади.
“Статистлар берган рақамлар билан шу пайтгача тўғри йўналиш қилиб бўлмади, халқимиз манфаат кўрмади. Таклифлар туманлардан, одамларнинг ўзидан чиқиши керак. Вазирлар, раҳбарлар кабинетда эмас, ҳудудларда, узоқ қишлоқларда ишлаши зарур. Шундай оғир шароитда фидойи бўлмаган раҳбар - хиёнатчи. Шу халқ учун ойлик олиб юрибсизлар. Давлат идораси вакили халққа қанча яқин бўлса, жойларда шунча натижа бўлади, адолат мезони таъминланади”, дея таъкидлади Президент.
LiveБарчаси