Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё иқтисодиёти учун янги формулани таклиф қилди
Жамият
−
14:38 1133 5 дақиқа
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё иқтисодиёти учун “Олти иқтисодиёт – битта маҳсулот” формуласини таклиф қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчиси бугун, 8 октябрь куни Туркманистондаги “Аваза” миллий сайёҳлик зонасида бўлиб ўтган Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг саккизинчи Маслаҳат учрашувида сўз очди.
Қайд этилишича, учрашувда иқтисодий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.
“Биз ўзаро савдо ва инвестицияларни кўпайтириш бўйича олдимизга жиддий мақсадлар қўйганмиз. Энди бу ўсиш қайси манбалар ҳисобидан таъминланишини белгилаб олишимиз керак”, дейди Ўзбекистон етакчиси.
Йирик лойиҳаларни тезроқ ишга туширишга хизмат қиладиган қўшма саноат ва технологик занжирлар, умумий рақамли хизматлар ҳамда инвестиция механизмларини шакллантириш вазифалари белгилаб берилган.
“Биз бир-биримиз билан оддий савдо қилишнинг ўзи етарли бўлмай қолган босқичга етиб келдик. Якуний маҳсулотни биргаликда яратишимиз керак. “Олти иқтисодиёт – битта маҳсулот” формуласи биз интилишимиз лозим бўлган мақсад моҳиятини яхши ифодалайди”, дейди Президент.
Ушбу йўналишни ривожлантириш учун 2027 йилда Хивада Марказий Осиё ва Озарбайжон бизнес форумини ўтказиш, шунингдек, қўшма инвестиция лойиҳаларини молиявий-техник қўллаб-қувватлаш бўйича махсус платформани ташкил этиш таклиф қилинган.
Савдо ва инвестициялар вазирлари кенгашига Ашхободдаги навбатдаги йиғилишида бу масалани батафсил кўриб чиқишни топшириш зарурлиги қайд этилган.
Шундан сўнг, минтақа мамлакатларининг замонавий транспорт-логистика тармоғи орқали ўзаро боғлиқлигини ривожлантириш аҳамияти таъкидланган.
“Биз глобал савдонинг асосий қуруқлик йўналишларидан бирига ва айни пайтда йирик иқтисодий фаоллик марказига айланишимиз мумкин. Бироқ бунинг учун автомобиль ва темир йўллар қуришнинг ўзи етарли эмас. Транспорт инфратузилмасини ривожлантиришда умумий ёндашув зарур”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Йирик лойиҳалар ягона тизим сифатида ишлаши учун уларни мувофиқлаштириш зарурлигига эътибор қаратилган.
“Янги транспорт йўлаклари бўйлаб ишлаб чиқариш корхоналари, логистика ва хизмат кўрсатиш объектлари, саноат зоналари пайдо бўлиши керак. Шунда транспорт йўналиши ўз атрофида иқтисодий фаолликни юзага келтириб, у ўтадиган ҳар бир давлатга анча катта самара келтиради”, дейди давлат раҳбари.
Шу мақсадда Инфратузилмани ривожлантириш бўйича кенгашни ташкил этишни тезлаштириш ва унинг биринчи йиғилишини Ўзбекистонда ўтказиш таклиф қилинган.
Энергетика соҳасига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилган. Минтақа углеводородлардан тортиб, гидроэнергетика, қуёш ва шамол генерациясигача бўлган турли ресурслар ва катта салоҳиятга эга экани қайд этилган.
“Яшил” ривожланишнинг аҳамиятини ҳисобга олиб, паст углеродли энергетика салоҳияти бўйича қўшма концепцияни тайёрлаш ташаббуси илгари сурилган. Бу янги генерация қувватларини қуриш, замонавий энергия сақлаш тизимларини ривожлантириш ва янги энергетика йўлакларини яратиш бўйича ишларни яхшироқ мувофиқлаштириш имконини беради.
Сув ресурслари ва иқлим ўзгариши ҳам биргаликда ечим топишни талаб қиладиган йўналишлар сифатида кўрсатилган. Замонавий рақамли мониторинг тизимларини жорий этиш, ирригация тармоқларини модернизация қилиш ва сув тежовчи технологиялардан кенг фойдаланиш зарурлиги таъкидланган.
Марказий Осиёда сувдан оқилона фойдаланиш бўйича амалий ҳаракатлар ўн йиллигини эълон қилишга доир умумий ташаббусни тўлиқ рўёбга чиқаришга чақирилган.
Келгуси йили Ўзбекистон Оролни қутқариш халқаро жамғармасига раислик қилишини инобатга олиб, жамғарма фаолияти самарадорлигини ошириш, янги экологик лойиҳаларни ишга тушириш ва қўшимча молиялаштиришни жалб этиш бўйича устувор вазифалар тақдим этилган.
Афғонистон билан сув ресурсларидан фойдаланиш масалалари юзасидан минтақа барча мамлакатларининг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда доимий ва предметли мулоқотни йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилган.
Ҳавонинг ифлосланиши минтақа мамлакатлари шаҳарлари учун жиддий муаммолардан бири экани таъкидланган. Бунга жавобан Ўзбекистон илгари сурган “Марказий Осиё тоза ҳавоси” халқаро консорциуми фаолиятини минтақа мамлакатларидаги саноат зоналари, агрокластерлар ва транспорт узелларини экологик модернизация қилиш бўйича пилот дастурдан бошлаш таклиф этилган.
Аҳамияти тобора ортиб бораётган яна бир йўналиш – муҳим минераллар. Ўзбекистон ташаббуси билан ташкил этилаётган Муҳим минераллар бўйича минтақавий альянсни шакллантириш ишларини фаоллаштириш, дастлабки қадамлардан бири сифатида Марказий Осиёдаги муҳим минераллар захираларининг ягона рақамли харитасини яратиш таклиф қилинган.
Навбатдаги йирик масалалар мажмуи технологик тараққиётга бағишланган.
“Сунъий интеллект ва катта маълумотлар билан ишлаш саноат, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги, таълим ва давлат бошқарувини аллақачон ўзгартирмоқда. Иқтисодиётларимизнинг унумдорлиги ва келажакда рақобатлаша олиши кўп жиҳатдан шу технологияларга боғлиқ бўлади”, дейди Президент.
Шу муносабат билан минтақа мамлакатлари имкониятларини бирлаштириш ва ўзаро боғланган миллий маълумотлар марказлари тармоғига асосланадиган умумий ҳисоблаш инфратузилмасини яратишни бошлаш таклиф этилган.
Одамлар минтақанинг келажагини белгиловчи энг муҳим омил экани таъкидланган.
“Мамлакатларимиз катта демографик салоҳиятга эга. Аҳоли сони ўсмоқда, ёшлар кўпаймоқда. Ўн, йигирма, ўттиз йилдан кейин минтақа иқтисодиёти қандай бўлиши кўп жиҳатдан уларнинг таълими ва касбий тайёргарлиги сифатига боғлиқ”, дейди давлат раҳбари.
Келгусида минтақа мамлакатлари иқтисодиётига қандай мутахассислар керак бўлишини таҳлил қилиш асосида талаб юқори бўлган касблар ва компетенцияларнинг минтақавий атласини ишлаб чиқиш таклиф этилган. Унда бугуннинг ўзида мутахассислар етишмаётган ва яқин йилларда талаб ортиши кутилаётган йўналишлар бўйича прогнозларни жамлаш назарда тутилмоқда.
Шу асосда университетлар ва профессионал таълим муассасалари иқтисодиётнинг ҳақиқий эҳтиёжларини олдиндан ҳисобга олиб, саноат, транспорт, энергетика, рақамли технологиялар ва бошқа тармоқлардаги йирик лойиҳалар учун кадрлар тайёрлай олади.
Президент Шавкат Мирзиёев сўзининг якунида сўнгги йилларда кўп нарсага эришилганини таъкидлаган. Энди бу ютуқларни мустаҳкамлаш ва минтақавий ҳамкорликни ўн йиллар давомида барқарор ривожланадиган тизимга айлантириш муҳим.
“Формула оддий: ҳамжиҳатлик ва ишонч – тараққиёт ва хавфсизлик йўлида. Биз келгуси авлодларга қандай минтақани қолдиришимиз учун масъулмиз. У тинч, хавфсиз, иқтисодий жиҳатдан кучли бўлиши, одамларга муносиб яшаш, ишлаш, ўқиш ва фарзанд тарбиялаш имкониятини бериши керак”, дейди Ўзбекистон Президенти.
Саммитда Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон етакчилари ҳам сўзга чиққан. Давлат раҳбарлари учрашув якунлари бўйича Қўшма баёнотни қабул қилган ҳамда бир қатор кўп томонлама тартибга солувчи ҳужжатларга оид қарорни имзолаган.
Live
БарчасиЖиззахда 10 ёшли қиз зўрланди
06 Октябрь
Сергелидаги масжидга ўт кетди
03 Октябрь