Шавкат Мирзиёев КХШТ саммитида иштирок этади
Жамият
−
23 Август 2021
7308Президент матбуот котиби Шерзод Асадов брифингда давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ҳафталик иш режаси ҳақида маълумот берди.
Бугун, 23 август куни Шавкат Мирзиёев Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) давлат раҳбарларининг видеоанжуман шаклида ўтадиган саммитида таклиф этилган меҳмон сифатида иштирок этади. Бунга сўнгги ҳафталарда Афғонистонда юз бераётган воқеалар сабаб бўлгани айтилди.
Қайд этилишича, Президент хавфсизликка таҳдид солиши мумкин бўлган хатарлар бўйича яқин хориждаги ҳамкор мамлакатлар ва минтақадаги қўшнилар томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар билан чуқур танишади.
Бундан ташқари, давлат раҳбарининг ҳафталик иш режасидан қуйидагилар ўрин олган:
• Тошкент шаҳрида амалга ошириладиган лойиҳалар тақдимоти, экологик ҳолатни яхшилаш ва яшил ҳудудларни кенгайтириш бўйича йиғилиш, спорт таълимини такомиллаштириш;
• Олимпия захирасини яратиш юзасидан видеоселектор ўтказилиши мўлжалланган;
• Тошкент шаҳрида атроф-муҳит муҳофазасига оид амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишув;
• янги хорижий элчиларга жорий йилнинг 27 август куни ишонч ёрлиқлари топшириш маросими ўтказилиши.
Шунингдек, брифинг аввалида ўтган ҳафтада "Янги Ўзбекистон" газетасида чоп этилган Президент интервьюси, давлат раҳбарининг Германия раҳбарияти (Штайнмайер, Меркель билан) билан телефон мулоқоти, ҳафта давомида имзоланган ҳужжатлар ва 20 август куни илк марта ўтказилган тадбиркорлар билан мулоқот ҳақида қўшимча ахборотлар берилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь