Шавкат Мирзиёев “Фориш” тоғ полигонида ҳарбий машғулотларни томоша қилди

Жамият 7723
image

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев таътилдан қайти Жиззахдаги Марказий ҳарбий округа ташриф буюргани ҳақида хабар берган эдик. Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев “Фориш” тоғ полигонида Мудофаа вазирлиги қўшинларининг жанговар тайёргарлиги билан танишди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар бермоқда.

2018 йил март ойида мазкур ҳудудда бўлиб, бу ерни намунавий полигонга айлантириш, янги концепция ишлаб чиқиб, мамлакатдаги барча ҳарбий полигонларни модернизация қилиш бўйича топшириқлар берган эди. Қайд этилишича, улар асосида ушбу махсус ўқув-синов майдони замон талабларига мослаштирилган, шахсий таркибнинг жанговар тайёргарлигини оширишга қаратилган энг илғор шароитлар яратилган.

“Бунинг натижасини база инфратузилмаси янгиланганидан сўнг, бу ерда 2019 ва 2020 йилларда ўтказилган Халқаро армия ўйинларида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги терма жамоаси биринчиликни қўлдан бой бермай келаётганида ҳам кўриш мумкин”, дейилади хабарда.

Полигон ҳудудида қурилган объектлар ҳақида дастлаб жой макети орқали маълумот берилган. Президент ҳарбийлар ётоқхонаси, сузиш ҳавзаси, спорт залидаги шароитлар билан танишган. Марказий ва Шарқий ҳарбий округларнинг регби бўйича терма жамоалари мусобақасини кузатган.

Шунингдек, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони ҳарбий хизматчилар билан бир дастурхон атрофида самимий суҳбатлашган. Истеъдодли аскарлар бахшичилик санъатидан намуналар ижро этган.

Президент “Фориш” тоғ полигонида қўшинлар ихтиёридаги замонавий қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникаларни кўздан кечирган.

Шундан сўнг, Марказий ҳарбий округ қўшинларининг шартли душманни йўқ қилиш бўйича жанговар машғулотлари, ҳарбий муҳандислик амалиётлари намойиш қилинган.

Шу ерда шахсий таркиб билан мулоқот бўлган. Президент дунёда ахборот хуружи тобора авж олаётган бугунги кунда Қуролли Кучларимиз салоҳиятини мустаҳкамлаш, халқ ва армия бирдамлигини таъминлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳарбий соҳадаги ислоҳотларнинг ўзагини ташкил этиши кераклигини таъкидлаган.

“Бу полигон халқаро стандартларга мос бўлиши керак. Аскар ва зобитларни тайёрлаш шунга мувофиқ бўлиши зарур. Бунинг учун сифат, жанговар маҳоратга алоҳида эътибор қаратиш лозим”, дейди Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, Президент ҳарбийларни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 29 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни билан табриклади.

“Кейинги йилларда байрам арафасида учрашиш анъанага айланди. Бугунги Қуролли Кучларимиз беш йил олдинги армия эмас. Мудофаа доктринамиз бўйича қилинган ишлар натижасида миллий армиямизнинг салоҳияти ҳар томонлама ошди. Эришган муваффақиятларимиз билан бирга олдимизда кўп режалар, вазифалар турибди. Қўшинларнинг жанговар ҳолатини янада мустаҳкамлашимиз керак. Бунинг учун билим, тажриба, тайёргарлик зарур”, дейди Шавкат Мирзиёев.

Президент қўшинларнинг жанговар қобилияти ва тайёргарлигини мунтазам ошириб бориш юзасидан мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берган. Шундан сўнг, Шавкат Мирзиёев Тошкентга қайтиб келган.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 178
Рейтинг: 3.1
t
×