Шавкат Мирзиёев “Арқадағ”га табрик йўллади
Жамият
−
27 Сентябрь 2020
9579Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовни Мустақиллик куни билан табриклади.
“Сизни ва дўстона Туркманистон халқини самимий табриклаш ва миллий байрам – Туркманистон мустақиллиги куни муносабати билан самимий табрикларимни ва энг яхши тилакларимни изҳор этиш менга катта мамнуният бағишлайди.
Сизнинг доно раҳбарлигингизда Туркманистон барча соҳаларда сезиларли ютуқларга эришмоқда. Мамлакатингизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар натижасида аҳолининг турмуш даражаси ўсиб бораётгани, улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётгани, янги гўзал шаҳарлар бунёд этилаётгани, йирик замонавий инфратузилма иншоотлари барпо этилаётганидан жуда мамнунмиз.
Туркманистон томонидан БМТ ва бошқа нуфузли тузилмалар доирасида глобал ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар бўйича илгари сурилган амалий ташаббуслар мамлакатнинг халқаро майдондаги роли ва обрўси ўсиб бораётганининг ёрқин тасдиғидир.
Кўп қиррали ўзбек-туркман алоқалари халқларимизнинг кўп асрлик тарихи, тили, маънавий ва маданий қадриятлари муштараклиги асосида самарали ривожланиб бормоқда. Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик барча устувор йўналишларда, шу жумладан савдо-иқтисодий, транспорт, сув-энергетика, қишлоқ хўжалиги, маданий-гуманитар ва бошқа муҳим соҳаларда изчил мустаҳкамланиб бормоқда.
Ишончим комилки, дўстлик, яхши қўшничилик, ўзаро ҳурмат ва қўллаб-қувватлашга абадий содиқ қолган икки қардош халқимиз манфаатлари йўлида Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги муносабатлар бундан кейин ҳам кенгайиб боради”, дейилади Президент табригида.
Маълумот учун, 27 сентябрь куни Туркманистонда мамлакатнинг асосий байрами Мустақиллик куни нишонланади. 1992-2017 йиллар давомида бу байрам 27 октябрь куни нишонланган. 2017 йилда байрам 27 сентябрга кўчирилган.
Эслатиб ўтамиз, Гурбангули Бердимуҳамедов мамлакатни 2007 йилдан буён бошқариб келади.
LiveБарчаси