Шарманда! Паркентда ўқитувчилар ҳокимнинг Facebook’ига “подписаться” қилишга мажбурланяпти
3-саҳифа
−
16 Апрель 2022
14407Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Паркент тумани ҳокими ўринбосари Бахтиёр Соатовнинг тумандаги ўқитувчилар билан Zoom платформаси орқали ўтказган йиғилишида ўқитувчиларга турли Telegram-каналларга мажбуран обуна қилиш бўйича топшириқ бераётгани акс этган видео тарқалди.
Видеода ҳоким ўринбосари ўқитувчиларга қарата туманнинг учта канали борлигини, улардан биринчиси, Паркент ҳокимиятининг Telegram-канали, иккинчиси “Паркент тонги” Telegram-канали ва учинчиси туман ҳокими Шоҳрух Шоаҳмедовнинг Facebook канали эканлигини таъкидлаб, обуна бўлишга буйруқ берган.
“Мана, мана шу учтага обуна бўлиб берасизлар, 100 фоиз мактаб ўқитувчилари. Тўғри, 100 фоиз мактаб ўқитувчиларининг – боя Зокир акам айтганидек – 10 фоизида Telegram ёки Facebook бўлмаслиги мумкин, лекин қолган ҳаммасида 100 фоиз телефон бор. Мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари зиммасига юклатиладики, 14 ёшдан катта ўқувчилар биттадан ўзининг қариндошини қўшиб, отаси ёки онаси обуна бўлади”, дея топшириқ берган пиарга ўч Соатов.
Бундан ташқари, ҳоким ўринбосари телефон ва Telegram’и бор 10 ёшдан 14 ёшгача бўлган ўқувчиларни ҳам жалб қилиш мумкинлигини эслатган. Унга кўра, ўқувчиларнинг обуна бўлиши шошилинч эмас, душанба кунгача обуна бўлса бас.
“Ўқитувчиларнинг муддати бугун, 100 фоиз ҳаммаси. Туман ҳокими ҳар соатда кириб, “подписаться” (аъзолик) бўлганлар сони ва кимлар “подписаться” бўлганини кўриб ўтирибди. Рўйхатини қиласизлар ва халқ таълими бўлимига берасизлар.
Яна битта нарсани айтиб қўйишим керак, “подписаться” қилдим, дея кўрсатиб, рўйхатини бериб, кетидан “покинут” (чиқиб кетиш) қилиб, чиқиб кетишнинг кераги йўқ. “Покинут” қилганларнинг рўйхатларини “Паркент тонги” билан ахборот хизмати Ботирдан оламиз ва яна ўзларингга ташлаб берамиз. Қайта-қайта барибир “подписаться” қилишимиз керак.
Тўғри, сизлар ўйлашларингиз мумкин, булар туманнинг каналига “подписчик” кўпайтириш учун қиляпти, дея. Йўқ, бунинг ҳаммаси туманда олиб борилаётган ишларни кўрсатиш учун”, дея топшириқнинг қатъийлигини такрор эслатади у.
Маълумот учун, мутасаддилар орасида атрофидагиларни ижтимоий тармоқлардаги саҳифасига мажбурий обуна қилиш ҳолати биринчи бор кузатилмаяпти. Аввалроқ, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори ҳам талабаларига Шерзодхон Қудратхўжанинг Facebook’даги постларига “Like” босиб, коммент ёзишини айтган эди.
Шу ўринда савол туғилади, ҳокимларнинг ҳар соат Facebook’даги саҳифасига кириб, “подписаться” бўлганлар сони ва кимлар “подписаться” бўлганини кўриб ўтиришдан бошқа иши йўқми? Ҳоким ўринбосари бу топшириқни “туманда олиб борилаётган ишларни кўрсатиш учун” дея изоҳлаган. Одамлар туманида, маҳалласида бўлаётган ишларни ижтимоий тармоқлардан эмас, реал ҳаёт, ўз тақдирида, маҳалласида, кўчасида, мактаби ва тиббиёт бирлашмасида кўрсин. Қачонгача одамлар ижтимоий тармоққа жойланган расмлар остидаги “У қилдик, бу қилдик” деган изоҳларга алданади, ахир?
LiveБарчаси