Шарқий Қозоғистонда ёғган қорнинг қалинлиги 30 см га етди (видео)
Олам
−
27 Сентябрь 2023
16667Кеча, 26 сентябрь куни Шарқий Қозоғистон вилоятининг бир қанча туманларида биринчи қор ёғди. Бу ҳақда KTK телеканали хабар берди.
Телеканал маълумотларига кўра, Маркакўл яқинида қор қалинлиги қарийб 30 сантиметрга етган. Қатанқарағай тумани аҳолиси ҳам қор билан қопланган манзара тасвирларини ижтимоий тармоқлар орқали улашмоқда.
Метеорологларнинг фикрича, бу ғайритабиий ҳолат эмас. Бир кун олдин улар Шарқий Қозоғистон вилоятининг тоғли ҳудудлари аҳолисини яқинлашиб келаётган ёмон об-ҳаво ҳақида огоҳлантирган.
“Маркакўл қўриқхонаси об-ҳаво станциясида 28 см гача қор ёғди. Қатанқарағайда қор қалинлиги 3 см га етган, чунки қор ҳўл бўлиб, тез эриб кетган. Айни пайтда тоғли ҳудудларда -2 даражагача совуқ”, дея маълум қилган Казгидромет.
Шарқий Қозоғистонда икки кун давомида тўхтовсиз қор ёғгани айтилган.
Ўтган йили август ойининг ўрталарида Қатанқарағай туманидаги Олтой тоғининг энг баланд нуқтаси бўлган Музтау чўққисига қор тушган эди.
“Сўнгги 10 йил ичида биринчи марта қор жуда эрта ёғди. Бироқ қор тезда эриб кетди”, деган Кўккўл шаршараси яқинидаги сайёҳлик оромгоҳи раҳбари, альпинист Вячеслав Орлов.
Акобир Сайидов
LiveБарчаси