Шахснинг судланиши унинг қариндошларига таъсир қилмаслигига оид норма Конституцияга киритилмоқда
Жамият
−
09 Март 2023
4713Ўзбекистон Республикаси Конституциясида “шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлмаслиги” белгиланмоқда. Бу ҳақда бугун, 9 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ялпи мажлисида депутат Жаҳонгир Ширинов сўз очди.
Ялпи мажлисда “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш ҳақида”ги қарор қабул қилиниши кутилмоқда.
Шириновга кўра, Конституциявий қонуни лойиҳаси билан “инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш – давлатнинг олий мақсадидир” деган норма белгиланмоқда. Ушбу мақсадга эришиш учун, лойиҳада қуйидагилар назарда тутилмоқда:
• инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир;
• давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши керак.
“Бошқача айтганда, энди агар давлат бирон бир харакат учун жарима, ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чорасини белгиламоқчи бўлса, мазкур принципга амал қилади, яъни арзимаган, кам аҳамиятли қоидабузарлик учун унинг жамият учун хавфлилик даражасига мутаносиб бўлмаган оғир жазо чорасини белгилай олмайди. Айтиш жоизки, ушбу қоида асосида амалдаги ҳуқуқий таъсир чоралари ҳам қайта кўриб чиқилади ва ўйлайманки биринчи навбатда биз депутатлар ушбу масалада жонбозлик кўрсатамиз”, деган Ширинов.
Шунингдек, унинг маълум қилишича, инсоннинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларда юзага келадиган қонунчиликдаги ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилиниши белгиланмоқда.
“Бу жуда катта кафолат!” дейди депутат.
Унинг тушунтиришича, агар солиқ қонунчилигида бир бирига номувофиқ бўлган нормалар вужудга келса, бундай номувофиқликни солиқ органи давлат фойдасига, фуқаро эса ўз фойдасига талқин қилишни хоҳлайди. Конституцияга киритилаётган мазкур кафолат эса, бундай бахсга нуқта қўяди ва номувофиқликлар давлатга эмас, балки инсон фойдасига ҳал этилади деб қатъий белгилайди.
“Яна бир масала! Конституциямизда “шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлмаслиги” белгиланмоқда. Бош Қомусимизга киритилаётган ушбу қоида захматкаш халқимизнинг кўп йиллар давомида бошига тушган ташвиш, яъни заррача айби йўқ шахсга нисбатан айбдор сифатида қараш каби собиқ тузумдан қолган сарқитлардан холи этишга қаратилган”, дейди Ширинов.
Қолаверса, қонун лойиҳаси билан айбсизлик презумпцияси янада кучайтирилаётгани айтилди. Жумладан, Конституциянинг амалдаги 26-моддасида шахснинг иши судда кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмаслиги белгиланган бўлса, эндиликда суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмагунча у айбсиз ҳисобланиши мустаҳкамланмоқда.
“Давлатнинг хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, шунингдек давлат ва жамият ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаши назарда тутилмоқда”, дейди Жаҳонгир Ширинов.
LiveБарчаси