Шахсни ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари олиб кетса, оила аъзоларига дарҳол хабар бериш керак – Президент
Жамият
−
09 Декабрь 2019
3346Ўзбекистонда шахсни ушлаб туриш, унга процессуал ҳуқуқларини тушунтириш каби жараёнларни, агар у ҳимоячидан воз кечса, бу ҳолатни ҳам мажбурий тарзда видео тасвирга тушириш тартиби жорий этилиши кутилмоқда. Бу ҳақдаги таклифни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 7 декабрь куни мамлакат Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллиги муносабати билан ўтказилган тантали маросимдаги нутқида билдирди.
“Ўтган уч йилда жабрланувчилар, гувоҳлар ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини ҳимоя қилиш тизими яратилди. Нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари фаолиятига рухсат берилди. Соҳани ривожлантириш бўйича устувор йўналишлар ва зарур чора-тадбирлар тасдиқланди.
Хабарингиз бор, ўтган йилларда тинтув жараёнини, олинган кўрсатмаларни ҳодиса содир бўлган жойда текшириш, тергов эксперименти каби процессуал ҳаракатларни видео тасвир орқали қайд этиш шартлиги қонуний асосда белгиланган эди.
Бироқ аҳоли билан мулоқотлар ҳуқуқ бузилиши хавфи бўлган бошқа ҳолатлар бўйича ҳам шундай чораларни қўллаш зарурлигини кўрсатмоқда. Хусусан, шахсни ушлаб туриш, унга процессуал ҳуқуқларини тушунтириш каби жараёнларни, агар у ҳимоячидан воз кечса, бу ҳолатни ҳам мажбурий тарзда видео тасвирга тушириш тартибини ўрнатиш зарур”, дейди давлат раҳбари.
Ўзбекистонда ҳуқуқ-тартиботга органларига олиб келинган гумондорларнинг оила аъзолари ва яқинларига зудлик билан хабар берилмайди. Бу орада эса ваҳима уйғониб, масала катта шов-шувларга сабаб бўлади. Бунга яқиндагина содир бўлган ва ижтимоий тармоқларда #АбдуллоҳҚаерда? сўроғига сабаб бўлган воқеани мисол қилиб келтириш мумкин. Давлат раҳбари бу масалага тўхталаркан, яна бир таклифни илгари суради.
“Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ушланган шахс махсус бинога олиб келинганидан кейин бу ҳақда унинг оила аъзолари дарҳол хабардор қилиниши керак. Буни суриштирувчи, терговчи ва бошқа ваколатли шахснинг мажбурияти сифатида қонунда аниқ белгилаб қўйишни таклиф этаман.
Бундан ташқари, шахсни ушлаб туриш ва унинг ҳуқуқини чеклайдиган бошқа процессуал мажбурлов чораларини қўллаш ҳолатларини ҳисобга олишнинг электрон тизимига ўтиш зарур. Бу жараёнда инсон омили иштирокини иложи борича камайтириш лозим”.
LiveБарчаси