Туз чўлига айланган Орол. Президент денгизнинг қуриган жойига бориб, вазият билан танишди
Жамият
−
23 Февраль 2022
10038Бугун, 23 февраль куни экологлар ва ўрмон хўжалиги мутахассислари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга Мўйноқда шўрга чидамли ўсимликлар экиш бўйича қилинган ишлар ҳақида ахборот берди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати маълум қилди.
Шавкат Мирзиёев 2018 йилда Мўйноққа ташрифи чоғида олимлар билан маслаҳатлашиб, у ерда шўрга чидамли ўсимликлар экиш вазифасини белгилаган эди. Бугун давлат раҳбарига шу борада қилинган ишлар ҳақида ахборот берилди. Экологлар ва ўрмон хўжалиги мутахассислари билан суҳбат бўлиб ўтди.
“Биз шу мураккаб шароитда экиш бўйича катта тажриба орттирдик. Бу ерга ўзим келишимдан мақсад - энди бу ишларни илмий асосланган тарзда давом эттирамиз”, деди Шавкат Мирзиёев.
Прездент илмий изланишлар қилиб, ҳудуд тупроғига мос навлар яратиш, кейинги босқичда чорвачиликни ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берди. Оролбўйининг флора ва фаунасини яхшилаш бўйича 5 йиллик миллий дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Маълумот учун, Қорақалпоғистон халқи ҳаёти, умуман, катта минтақадаги экология шу муаммога боғлиқ. Бир пайтлар денгиз ва унга туташ дарёлар, яйловлар одамларга ризқ улашган, иш, даромад манбаи бўлган. Лекин табиат қонунларига аралашиш, Амударё ва Сирдарё сувини тўсиш дунёдаги оғир экологик ҳалокатлардан бирини юзага келтирди. Минтақада чўлланиш ва шўрланиш даражаси кескин ортди. Ўсимлик ва ёввойи ҳайвонлар тури камайиб кетди.
Глобал исиш муаммоси кучайиб, ёғингарчилик камаяётган бугунги асрда Орол денгизини қутқариш тобора имконсиз бўлиб бормоқда. Бундай шароитда ягона йўл – борини асраб қолиш, фожиа таъсирини камайтириш, одамлар ҳаётини осонлаштиришдир.
Давлат раҳбари бу бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси сессияларида ҳам гаирган, халқаро саммитларда муҳим таклифларни илгари сурган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь