Шахс ушлаб турилганда оила аъзоларига дарҳол хабар берилади
Жамият
−
26 Январь 2020
5266Аввал хабар берганимиздек, Жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин. Бу борадаги тегишли қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди.
Лойиҳага кўра, 217-модда қуйидагича таҳрир қилинади:
Процессуал мажбурлов чораси қўлланилгани ҳақида хабар қилиш
Суриштирувчи, терговчи, прокурор гумон қилинувчига, айбланувчига нисбатан ушлаб туриш тарзидаги, суд эса қамоққа олиш, уй қамоғи ёки экспертиза ўтказиш учун шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чорасини қўллаганида, бу ҳақда дарҳол унинг оила аъзоларидан бирига, улар бўлмаган тақдирда эса бошқа қариндошларига ёки яқин кишиларига хабар бериши, шунингдек, бу ҳақда иш ёхуд ўқиш жойига маълум қилиши шарт.
Ушлаб турилган, қамоққа олинган, уй қамоғига ёки тиббий муассасага жойлаштирилган шахс бошқа давлатнинг фуқароси бўлса, йигирма тўрт соатдан кечиктирмасдан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига хабар берилиши шарт. Хабарноманинг нусхаси ишга илова қилинади.
224-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилади:
Ички ишлар органи ходими, бошқа ваколатли шахс ушлаб туришнинг ушбу Кодекснинг 221-моддасида кўрсатилган асослардан биттаси мавжудлигини бевосита кўриб ёки бошқа шоҳидларнинг сўзларидан аниқласа қуйидагиларга:
1) гумон қилинувчига у жиноят содир этишда гумон қилиб ушланганлигини билдиришга;
2) гумон қилинувчидан яқин орадаги ички ишлар органига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга бирга боришини талаб қилишга;
3) ушлаётган шахсга ўзини таништиришга ва ушланаётган шахснинг талабига кўра шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатишга;
4) ушлаб турилган шахсга адвокатга ёки яқин қариндошига телефон орқали қўнғироқ қилиш ёки хабар бериш, ҳимоячига эга бўлиш, кўрсатувлар беришни рад этишга бўлган процессуал ҳуқуқларини тушунтиришга;
5) ушлаб турилган берган кўрсатувлардан жиноят ишига доир далиллар сифатида унинг ўзига қарши фойдаланилиши мумкинлигини билдиришга мажбурлар.
Ушланаётган шахсда қурол борлиги ёки у жиноят содир этганлигини фош қилувчи далиллардан қутулиш ниятида эканлигини тахмин қилишга етарли асослар мавжуд бўлса, ушлаётган ваколатли шахс уни шахсий тинтув қилишга ва олиб қўйиш ўтказишга ҳақлидир. Шахсий тинтув ёки олиб қўйиш ўтказиш тўғрисидаги баённома ушланган шахс ички ишлар органига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга келтирилганидан сўнг холислар ҳузурида тузилиши мумкин.
Ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган процессуал ҳаракатлар видеоёзув орқали қайд этилиши шарт.
Ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган процессуал ҳаракатларни ўтказишнинг кечиктириб бўлмайдиган ҳолларида, уларни видеоёзув орқали қайд этилмасдан ўтказишга йўл қўйилади. Ушбу қоида ички ишлар органи ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа орган биносида ўтказиладиган ушлашга татбиқ этилмайди. Шахсни ушлаш видеоёзув орқали қайд этилмаган ҳолларда ички ишлар органи ходими ёки бошқа ваколатли шахс ушлаб турилган шахсни яқин орадаги ички ишлар органига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга олиб келинганидан сўнг видеоёзувни қўлланган ҳолда унинг процессуал ҳуқуқлари мажбурий тартибда тушунтиради. Видеоёзув уни намойиш қилиш орқали ушлаб турилган шахсга таништириш учун тақдим этилади.
Шахсни яланғочлаш билан боғлиқ шахсий тинтувни видеоёзув орқали қайд этиш тақиқланади.
Процессуал ҳаракатлар видеоёзув орқали қайд этилганлиги ҳақида баённомага ёзиб қўйилади. Видеоёзув материаллари баённомага қўшиб қўйилади.
Агар ушланган шахс иш юритилаётган тилни билмаса ёки етарлича билмаса ёхуд мастлик, гиёҳвандлик ёки бошқа ҳолатларга кўра ўзининг ҳуқуқлари тушунтирилишини тўғри англашга қодир бўлмаса, гумон қилинувчининг ҳуқуқлари унга таржимон (зарур ҳолларда) ва (ёки) унинг қонуний вакили ёки яқин қариндоши иштирокида биринчи сўроққача тушунтирилиб, бу ҳақда баённомага ёзиб қўйилади.
Ваколатли шахслар ва фуқаролар қонунга хилоф ёки асоссиз ушлаб турганлик ёхуд ушлаш вақтида ваколатлари доирасидан четга чиққанлик учун қонунда белгиланган жавобгарликка тортиладилар.
5) 225-модданинг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилади:
Ушлаб турилган шахс ички ишлар органига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга келтирилганидан сўнг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органнинг навбатчиси ёки бошқа ходими бошлиқнинг кўрсатмасига биноан ушлаб туриш баённомасини дарҳол тузиши ва унда қуйидагиларни акс эттириши лозим:
1) қаерда ва қачон тузилганлиги;
2) кимнинг, ким томонидан, қачон, қандай ҳолатда, қонунда кўрсатилган қандай асосларга кўра ушланганлигини;
3) ушланган шахс қандай жиноятни содир этганликда гумон қилинаётганлигини;
4) ички ишлар органи бўлимига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга у қайси вақтда олиб келинганлигини;
5) шахсий тинтув ва олиб қўйишнинг натижаси (улар ўтказилганда);
6) ушлашни видеоёзув орқали қайд этилганлиги, уни видеоёзув материаллари билан танишганлиги, шунингдек ушлашда фойдаланилган техник воситалар ҳақида ёзувлар. Баённомани ушлаб туришнинг асослилигини текшириш вазифаси топширилган ички ишлар органи ходими ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа орган ходими, ушлаб келтирган ваколатли шахс ёки фуқаро, ушланган шахс ва холислар имзо чекиб тасдиқлайдилар.
Муҳокама жорий йилнинг 7 февралига қадар давом этади.
LiveБарчаси