Шахмат федерацияси фаолияти тўхтатиб қўйилиши мумкин

Жамият

image

Ўзбекистон Шахмат федерацияси фаолияти тўхтатиб қўйилиши мумкин. Бу Коррупцияга қарши курашиш агентлиги берган буёнотдан маълум бўлмоқда.

Матбуот котибининг қайд этишича, агентлик шахмат спорт турини янада ривожлантириш бўйича  давлат бюджетидан федерацияга ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфлангани ҳамда эҳтимолий коррупция ҳолатлари юзасидан ўрганиш ишлари ўтказган. 

Аниқланишича, Ўзбекистон Шахмат федерациясига 2020-2021 йиллар давомида давлат бюджетидан маблағлар тўғридан-тўғри ажратилмаган, фақатгина Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан тасдиқланган спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг республика календарь режасига асосан ўтказилган спорт тадбирлари учун Туризм ва спорт вазирлиги томонидан маблағлар молиялаштирилган.    

Жумладан, Ўзбекистон шахмат федерациясига 2020 йил учун маблағ ажратилмаган, 2021 йил давомида эса жами 6 та тадбир учун 2 млрд 834,8 млн сўм маблағ ажратилиб, федерация томонидан 2 млрд 208,4 млн сўм сарфланган. Қолган 626,4 млн сўм маблағлар вазирликка қайтарилган.

Шахмат федерацияси нодавлат нотижорат ташкилоти бўлгани боис, тўпланган ҳужжатлар “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги Қонуннинг 34-моддасига асосан Адлия вазирлигига юборилган.

Эслатиб ўтамиз, сўнгги вақтларда Шахмат федерацияси билан боғлиқ барча муаммолар кўзга кўринди. Хусусан, федерацияда монополия мавжудлиги, ҳужжатларни тубдан янгилаш кераклиги, Нодирбек Абдусатторовнинг отаси жаҳон чемпиони бўлган фарзандининг тренерига ҳамон ўз чўнтагидан пул тўлаётгани, бунинг учун давлатдан ёки Шахмат федерациясидан пул ажратилмагани, шахмат бўйича гроссмейстер Гулруҳбегим Тоҳиржонованинг АҚШга кетишига ҳам молиявий жиҳатдан рағбатлантирилмагани сабаб бўлгани фош этилди.

Нодирбек Абдусатторовнинг отаси Фазлиддин Очилов федерациянинг охирги беш йиллик молиявий фаолиятини текшириб, пуллар қаерга ва қандай мақсадда сарфланганини аниқлаб, мақсадсиз сарфланган бўлса, пулни қайта жойига қўйиб қўйишни ҳам талаб қилди. 

Маълумот учун, жорий йилнинг 3 февраль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Ўзбекистон Шахмат федерацияси раиси Азиз Абдуҳакимов ташкилот балансидаги Malibu русумли автомобилнинг федерация раиси ўринбосарига тегишли МЧЖга қарийб 3 баравар арзонга, яъни 53 миллион сўмга сотилгани ва ундан ташқари яна 1 миллиард 800 миллиондан ортиқ маблағ ҳам Шахмат федерацияси томонидан ушбу МЧЖга ўтказиб берилгани ҳақида айтган эди.

Агар Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Шахмат федерациясига нисбатан “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунинг 34-моддасига кўра иш тутган бўлса, ушбу моддага кўра Нодавлат нотижорат ташкилоти, яъни федерациянинг фаолияти у Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунчилигини бузган тақдирда суд томонидан тўхтатиб қўйилиши мумкин. Қонунда шундай дейилади:

“Нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги қонунчилик бузилган, шунингдек устав мақсадларига зид ҳаракатлар содир этилган тақдирда прокуратура органлари ёки адлия органлари кўрсатилган қоидабузарликлар тўғрисида мазкур нодавлат нотижорат ташкилотининг раҳбар органларига тақдимнома киритади ҳамда бу қоидабузарликларни бартараф этиш муддатини белгилайди. Агар бу қоидабузарликлар белгиланган муддатда бартараф этилмаса, нодавлат нотижорат ташкилотининг фаолияти прокуратура ва адлия органларининг тақдимномаси асосида суднинг қарори билан олти ойгача бўлган муддатга тўхтатиб қўйилади.

Ўзбекистон Республикасининг ҳудудида фавқулодда ҳолат жорий этилган тақдирда нодавлат нотижорат ташкилотининг фаолиятини тўхтатиб қўйиш тартиби қонунчилик билан белгиланади”.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

157

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made