Шахмат: эртага Тошкентда халқаро турнир якунланади. Кимлар ғолибликка даъвогар?
Спорт
−
21 Август 2021
3378Эртага, 22 август куни Тошкентдаги Халқаро шахмат академиясида ўзбекистонлик биринчи гроссмейстер Георгий Аъзамов хотирасига бағишлаб ўтказилаётган XIV анъанавий халқаро турнир ўз якунига етади.
Ортда қолган 8-турдан кейин ғолиблик учун икки нафар шахматчи даъвогарлик қиляпти. Булар – арманистонлик Шант Саргисян ҳамда ўзбекистонлик Нодирбек Ёқуббоев.
7-тур якунларига кўра, 5,5 очко билан пешқадамлар сафида келаётган ҳамда қўшимча кўрсаткичларга кўра, биринчи поғонани эгаллаб турган Нодирбек Абдусатторов 8-турда оқ доналарда ўйнаган бўлишига қарамай ўз жамоадоши Жаҳонгир Воҳидовга имкониятни бой берди. Натижада Абдусатторов 4-ўринга тушиб кетди.
8-турда Саргисян ўз ҳамюрти Тигран Арутунянни, Ёқуббоев эса қора доналарда ўйнашига қарамай эронлик Арян Голамини мағлуб этди. Натижада Саргисян ва Ёқуббоев ўз очколари сонини 6,5 тага етказиб олган ҳолда таъқибчиларидан ўзиб кетиб, сўнгги тур олдидан ғолиблик учун асосий даъвогарга айланди.
Абдусатторов устидан қозонилган ғалаба эса Воҳидовга 6 очко билан 3-ўринга кўтарилиб олиш имконини берди. Унда ҳам чемпионлик учун имконият сақланиб қолган.
4-11-ўринларда бораётган шахматчилар эса бир хил – 5,5 тадан очко жамғаришган.
Эслатиб ўтамиз, сўнгги тур ўйинлари эртага, 22 август куни соат 9:00 да бошланади.
LiveБарчаси