Шаҳрисабздаги туғуруқхонада 10 кунда 3 чақалоқ вафот этди 

3-саҳифа 8640
image

Ижтимоий тармоқларда Шаҳрисабз шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли туғуруқ бўлимида август ойининг ўзида 5 нафар чақалоқ вафот этгани учун ёпилгани, ўлимларнинг ҳаммаси ҳам тегишли тартибда рўйхатларга қайд қилинмагани айтилган хабарлар тарқалди. Ушбу ҳолат юзасидан Қашқадарё вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси изоҳ берди.

Қайд этилишича, Шаҳрисабз шаҳар тиббиёт бирлашмасининг 145 ўринли туғуруқ ва терапия бўлимлари таъмирланиши муносабати билан ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги маркази Шаҳрисабз шаҳар бўлимининг 9 августдаги далолатномасига кўра, бирлашманинг туғуруқ бўлими 10 августдан режали равишда вақтинча ёпилган.

Ҳомиладор аёллар Шаҳрисабз ва Китоб туманлари туғуруқ бўлимларига жойлаштирилмоқда. Қурилиш ишлари шаҳар прокуратураси томонидан назоратга олинган.

Жорий йилнинг август ойида (яъни 10 кун ичида) туғуруқ бўлимида 3 нафар чақалоқ ўлими қайд этилган. Ҳар бир ҳолат юзасидан шаҳар ички ишлар бўлимига ўз вақтида хабар берилган. Суд тиббий экспертизаси тайинланиб, шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тиббиёт бирлашмасига қарашли туғуруқ бўлимида вафот этган икки кунлик чақалоқ эса жорий йилнинг 5 август куни она ва боланинг ҳаёти хавф остида қолганлиги сабабли кесарча кесиш усулида олинган.

Гўдакнинг жинси ўғил, вазни 2 340 грамм, бўйи 48 сантиметр деб қайд этилган. Кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан, 7 август куни соат 8:00 да чақалоқ вафот этган. Касаллик тарихида чақалоқнинг ўлимига “Асфиксия ўрта оғир даражаси. Кам вазнли чақалоқ. Нафас етишмовчилиги синдроми. Туғма юрак нуқсони” ташхиси қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, икки кунлик чақалоқнинг туғуруқхонада вафот этгани юзасидан шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Жорий йилнинг 7 август куни иш бўйича судга оид тиббий экспертиза ҳамда тиббиёт бирлашмаси ходимларининг ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви тайинланган. Текширув вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган.

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 279
Рейтинг: 3
t
×