Шаҳрисабзда юпун кийинган ўқувчи қизлар совуқда ҳокимлик тадбирига олиб чиқилди

3-саҳифа

image

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарёда бўлиб ўтган тадбирда қатнашган ўқувчи қизларнинг юпун кийингани акс этган сурат муҳокамаларга сабаб бўлди. Мазкур ҳолатга Халқ таълими вазирлиги матбуот котиби Лайло Рустамова муносабат билдирди.

Қайд этилишича, ушбу тадбир жорий йилнинг 30 ноябрь куни Шаҳрисабздаги 1-мактаб ҳовлисида бўлиб ўтган. Ёшлар дафтарида турганларга субсидия асосида меҳнат қуролларини ва тўловлар учун сетификатлар топшириш бўйича тадбир бўлган. Ушбу тадбирга алоқаси бўлмаган ўқувчилар ҳам жалб этилган.

ХТВ матбуот котибига кўра, вазирлик томонидан мактаб ўқитувчи ва ўқувчиларини мактаб вақтидан ташқари, уларнинг саломатлиги ҳамда хавфсизлигига хавф соладиган тадбирларга жалб қилмаслик бўйича доимий равишда огоҳлантириб келинади. 

“Афсуски, шунга қарамай ушбу суратдаги каби аянчли ҳолатлар юзага келмоқда. Болаларнинг мактабдан ташқари вақтларда тадбирга жалб этилиши ва энг ачинарлиси, совуқ об-ҳаво шароитига қарамай уларнинг юпун кийимларда эканлиги ушбу ҳудуддаги ҳар бир мутасаддининг айби, деб ҳисоблаймиз”, дейилади хабарда.

Вазирлик ҳудуд мутасаддиларидан таълим муассасада мактаб вақтидан ташқари тадбирларни ташкил этаётганда мактаб ўқувчи ва ўқитувчиларини жалб қилиб, бу каби ҳолатларга йўл қўймасликларини қатъий сўраган. Шу билан бирга, жойлардаги халқ таълими бошқарма, бўлимлари ва мактаб раҳбарларидан ҳам тегишли хулосалар чиқарган ҳолда, бундай ҳаракатларга йўл қўймасликлари юзасидан қатъий огоҳлантирилган.

Мазкур ҳолатга Шаҳрисабз шаҳар ҳокимлиги ҳам муносабат билдирган.

Ҳокимликка кўра, 2-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби қошида ташкил этилган “Туморча” рақс тўгараги раҳбари ва ота оналарининг ўзлари ўқувчи-қизларнинг тадбирда рақсларини намойиш этиш таклифи билан чиққан. 

“Улар ота-оналари билан гулхан атрофида бирга иссиқ кийимларда ўтиришган. (Бу ҳолат расм ва видеода ҳам акс этган) Фақатгина даврада ўйнашда ва тақдирлаш жараёнида расмга олиш учун қисқа вақтда рақс кийимида бўлишган. Бу ерда ташкилотчиларни оқлашдан йироқмиз, фақат  тадбирга рақс тўгараги қизларини устози ва ота оналари ташаббусига кўра ютуқларини баҳам кўриш учун келишганини англашимиз зарур”, дейилади ҳокимлик хабарида.

Маълум қилинишича, ушбу ҳолат юзасидан шаҳар ҳокимлигида йиғилиш ўтказилиб, ёшлар тадбирини ташкил этишда эътиборсизлик қилган масъулларга чоралар кўрилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

249

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг