Шаҳнозахон Мирзиёева реабилитация марказига эга биринчи МТМ очилишида қатнашди

Жамият

image

Бугун, 4 апрель куни Нукус шаҳрида реабилитация марказига эга бўлган биринчи мактабгача таълим муассасаси очилди. Очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комилжон Алламжонов, МТВ Мактабгача таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шаҳнозахон Шавкатовна Мирзиёева, Ўзбекистон триатлон федерацияси раиси Отабек Умаров иштирок этган. 

Имкон деб номланган янги лойиҳа доирасида тақдим эталиётган ушбу муассаса жисмоний турли нуқсонлари бўлган болаларни ижтимоий-маданий муҳитга жалб этиш, уларни мактабгача таълим ва соғломлаштириш реабилитацияси билан таъминлаш имконини яратиб беради.

2019 йил 4 апрель, Нукус шаҳридаги реабилитация-таълим муассасаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 августдаги “Оролбўйи минтақаси болалари учун реабилитация марказига эга бўлган давлат ихтисослаштирилган кўп тармоқли мактабгача таълим муассасасини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3909-сонли қарорига мувофиқ ташкил этилди. Ушбу мактабгача таълим муассасаси 120-150 нафар имконияти чекланган тарбияланувчиларга мўлжалланган.

Нукус шаҳрида реабилитация-таълим муассасасининг қурилиши ва унинг жиҳозланиши хорижий ва маҳаллий инвесторларнинг беғараз ёрдами ҳисобидан тўлиқ амалга оширилди.

Майдони 3 447 кв метр бўлган икки қаватли бинода стандарт хоналардан ташқари бассейн, даволаш-жисмоний тарбия зали, 2 та физиотерапия хонаси, 2 та массаж хонаси, сенсор хонаси, майда моторикани ривожлантириш, ижтимоий-маиший мослашиш, мусиқа ва арт-терапия хонаси, ортопед, психолог, педиатр, диетолог, логопед, реабилитолог, психоневролог, методист ва навбатчи шифокор хоналари мавжуд.

“Оролбўйи минтақасида болалар саломатлиги масаласи долзарб бўлиб қолмоқда. Қорақалпоғистон Республикасида 2018 йилнинг 1 январь ҳолатига 7 ёшгача бўлган ногирон болалар сони 2013 йилга нисбатан 17,5 фоизга ошди. Шу муносабат билан республика Президентинингташаббусига кўра, Нукус шаҳрида Ўзбекистонда биринчи реабилитация-таълим муассасаси ташкил этилди. Бу ердаги болалар илгари ижтимоий-маданий муҳитга қўшила олмас эдилар. Кўп тарбияланувчилар ҳаётининг асосий қисмини уй деворлари ортида ўтказардилар. Шунингдек, биз Нукус шаҳрида эрта аралашиш тамойилини амалга оширишни бошламоқдамиз. Маълумки, бола миясининг 85 фоизи ҳаётининг биринчи 5 йили мобайнида ривожланади. Жисмоний ривожланишида турли нуқсонлари бўлган болалар ҳақида гап кетганда, машғулотларнинг ҳар бир куни муҳим аҳамиятга эга. Коррекцион-ривожлантирувчи ишларни ўз вақтида амалга оширишни таъминлаш мақсадида биз ушбу мактабгача таълим муассасасига қабул қилиш ёшини 3 ёшдан 2 ёшгача пасайтирдик”, дейди Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин.

Нукус шаҳридаги ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаси Оролбўйи минтақасининг чекка ҳудудларида яшовчи болалар ушбу муассасада тунда қолиши учун ҳафтасига 5 кун мобайнида туну-кун ишлайди. Куннинг биринчи ярмида тарбияланувчилар махсус педагогика бўйича малака ошириш курсларини тамомлаган тарбиячилар билан ўқув дастури бўйича шуғулланадилар, куннинг иккинчи яримда эса штатдаги тиббий ходимлар назорати остида соғломлаштириш-реабилитация муолажаларидан ўтадилар.

Реабилитация марказининг коррекцион-таълим хоналари парафин печи, тиббий тренажёрлар, қуруқ массаж ванналари, нейро-ортопедия пневмокостюмлари, мобиль стендерлари, ортопедия велосипедлари, ётиқ самокатлар, мослашувчан креслолар, вестибуляр аппаратни ривожлантириш ускуналари, сенсор интеграцияси маҳсулотлари, “Саундбим” тизими ва физиотерапия аппаратлари каби хорижий ускуна ва инвентарлар билан жиҳозланган. Даволаш тадбирлари ривожланишда бузилишларни тузатишга, тиббий реабилитация ва ижтимоий мослашувга йўналтирилган. Шунингдек, реабилитация марказида мактаб ёшидан ўтган жисмоний ривожланишида турли нуқсонлари бўлган болалар учун ҳам муолажалар ўтказилади.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Шаҳноза Мирзиёева

Баҳолаганлар

255

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг