ШҲТ ягона валюта жорий қилмоқчими?
Олам
−
25 Апрель 2023
15382Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ҳисоб-китобларни юритишда АҚШ долларидан аъзо давлатларнинг миллий валюталарига ўтиш бўйича “йўл харитаси”ни ишлаб чиқмоқда. Бироқ айни пайтда ягона валютани жорий этиш масаласи ҳали кўриб чиқилмаяпти. Бу ҳақда ШҲТ Бош котиби ўринбосари Григорий Логвинов маълум қилди.
“Миллий валюталарда ҳисоб-китобларга ўтиш бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқилмоқда. Иш жиддий ва мазмунли олиб борилмоқда. Жараён оддий эмас, чунки, доллар жаҳон захира валютаси сифатида, жумладан, миллий валюта тизимларига жуда чуқур сингиб кетган”, деган Логвинов.
Унинг таъкидлашича, доллардан бутунлай воз кечиш учун ҳали қилиниши керак бўлган кўп ишлар бор.
“ШҲТнинг қандайдир ягона валютасини жорий қилиш масаласига келсак, бу савол ҳозирча мавжуд эмас ва бундай мақсад ҳали белгиланмаган. Майли, биз изланишда давом этамиз”, дейди ШҲТ Бош котиби ўринбосари.
Эслатиб ўтамиз, Хитой ва Бразилия савдо операцияларида ўз валюталари фойдасига доллардан воз кечишга қарор қилганини расман эълон қилганидан сўнг америкалик шарҳловчи Фарид Закария жаҳон бозорида доллар курсининг пасайиши ва бу туфайли содир бўладиган жиддий инқироз ҳамда АҚШ иқтисодининг таназзулга учрашини башорат қилганди.