ШҲТ доллар ва евродан кечиб, мустақил валютага ўтиши мумкинми? Эксперт жавоб берди
Интервью
−
14 Сентябрь 2022
18603Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ўзаро савдода доллар ва евродан воз кечиш ҳамда миллий валюталарга ўтишни кўриб чиқмаяпти. Бу ҳақда Халқаро алоқалар ахборот-таҳлил маркази (ХАКМО) бош илмий ходими Шаҳодат Хошимова QALAMPIR.UZ'га берган интервьюсида айтиб ўтди.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, Эрон 2022 йил бошида ШҲТ котибиятига Ташкилот мамлакатлари ўртасида савдо учун янги валюта яратиш тўғрисида мактуб йўллаган. Бунинг ортидан эса ШҲТнинг иқтисодиёти босқичма-босқич доллардан воз кечиши мумкинлиги тахмин қилинган.
“Ғарб санкциялари ва жаҳон иқтисодиётидаги бошқа омиллар алоҳида мамлакатларни доллардаги савдодан воз кечиб, ўзаро савдода бошқа, кўпинча миллий валюталарга ўтишга мажбур қилмоқда. Россия ва Хитой 2009 йилги жаҳон молиявий инқирозидан кейин ҳам халқаро захира валютасини яратишни таклиф қилишди. Бугун Пекин Россиядан нефтни юанга сотиб олади. Ҳиндистон ва Россия ҳам миллий валюталарда – мос равишда рупия ва рублда савдо қилади. Ўз навбатида, Эрон Марказий банки 2020 йилда асосий хорижий валюта сифатида АҚШ долларини алмаштирди”, дея минтақада ўзаро савдода тартиблар ўзгариб бораётганига эътибор қаратди мутахассис.
Унинг қайд этишича, Россия Фанлар академиясининг Хитой ва Замонавий Осиё институти томонидан “Ўзгарувчан дунёда ШҲТнинг ўрни” сессияси ўтказилган. Шарқий иқтисодий форумда эса бир қатор россиялик экспертлар ШҲТнинг Самарқанд саммитида доллар ва евродан узоқлашиш ва миллий валюталарда тўлов тизимини яратиш йўлидаги биринчи қадам қўйилиши мумкинлигини башорат қилишган. Аммо Шаҳодат Хошимова Самарқанддаги саммитда бу масала кўрилмаслигини айтиб, шундай деди:
“Ўзбекистоннинг ШҲТ ишлари бўйича миллий координатори Раҳматулла Нуримбетовга кўра, ҳозир ШҲТ доирасида ўзаро савдода миллий валюталарга ўтиш масаласи кун тартибида эмас”.
Унинг айтишича, сўнгги йилларда дунё бўйича Шанхай ҳамкорлик ташкилотига қизиқиш ортиб бормоқда. Эрон ва Беларусдан ташқари, дунёнинг кўплаб давлатларида ҳам ташкилот ишларида ШҲТнинг тўлиқ аъзолари, кузатувчилари ёки мулоқот бўйича ҳамкорлари сифатида иштирок этиш истаги бор. Хусусан, Озарбайжон, Арманистон, Камбоджа ва Непалдан кузатувчи мақоми учун топширилган аризалар кўриб чиқилмоқда. Баҳрайн, Мальдив ороллари, Сурия ва Мьянма мулоқот бўйича ҳамкор мақомини олиш учун ариза топширган.
Бўлажак Самарқанд саммитида эса ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари Эрон томонининг ташкилотга қўшилиш муносабати билан мажбуриятлари тўғрисидаги меморандумни имзолаш билан биргаликда Беларуснинг ташкилотга қўшилиш таклифини яна муҳокама майдонига олиб чиқади.
“ШҲТ Бош котиби Чжан Миннинг баёнотига кўра, айни пайтда Беларуснинг ушбу халқаро ташкилотга аъзо давлат мақомини олиш учун аризаси фаол муҳокама қилинмоқда. 2009 йилдан бери Беларусь ШҲТнинг турли форматларида иштирок этиб келади ва яқинда ШҲТга аъзо бўлиш учун ариза топширган. Бу Минскнинг ШҲТ қадриятлари ва тамойилларига мос келишидан, ташкилот доирасидаги ҳамкорлик эса мамлакат манфаатларига мос келишидан далолат беради”, дейди Ҳошимова.
Шунингдек, мутахассис QALAMPIR.UZ мухбирининг ШҲТга аъзо бўлган айрим давлатлар ўртасидаги қарама-қаршиликлар (масалан, Ҳиндистон ва Хитой ўртасидаги чегара баҳси) ушбу Ташкилот доирасидаги ўзаро ҳамкорликнинг конструктивлиги ва самарадорлигига қай даражада таъсир қилиши мумкинлиги ҳақидаги саволига қуйидагича жавоб берди:
“ШҲТга аъзо давлатлар сиёсий ва иқтисодий манфаатлари ва устуворликлари бўйича бир-биридан фарқ қилади. Шунинг учун Ташкилот ичида турли қарашларнинг ёнма-ён яшаши қийин жараён. Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ўртасида маълум зиддиятларни келтириб чиқарадиган бир қатор муаммоли масалалар, айнан, Хитой ва Ҳиндистон ўртасидаги чегара масаласи 1962 йилдан бери давом этиб келмоқда. Аммо шунга қарамай, ШҲТ доирасида ўтказилаётган қўшма йиғилишлар, учрашувлар ва бошқа тадбирларда аъзо давлатларнинг фаол иштирок этишининг ўзи Ташкилот Низомида белгилаб берилган ғоя ва тамойилларни илгари суриш бўйича биргаликдаги интилиш ҳамда ташкилотнинг юксак мақомидан далолат беради. ШҲТ халқаро майдонда мулоқот қилиш ва давлатларнинг манфаатлари ва мақсадларини илгари суриш платформаси вазифасини бажаради”.
Ҳошимованинг қўшимча қилишича, ШҲТ ўзининг хилма-хиллиги билан ноёб ва дунёдаги энг йирик минтақавий ташкилотлардан биридир. Катта ШҲТ оиласининг географияси Евроосиё ҳудудининг 60 фоизини эгаллайди, ШҲТга аъзо мамлакатлар аҳолиси эса 3,4 миллиард кишидан ортиқ. Шу билан бирга, ШҲТнинг жаҳон иқтисодиётига қўшган ҳиссаси жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 22 фоизини ташкил этади. “ШҲТ оиласи” турли халқлар, миллатлар, динлар ва цивилизацияларни қамраб олади.
Ҳулкар Муртазоева
LiveБарчаси