ШҲТ Афғонистонни қабул қила оладими?

Интервью

Айни пайтда Самарқандда бошланиши кутилаётган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити бутун дунё эътибори марказида турибди. Унда Ўзбекистоннинг деярли барча қўшниларининг раҳбарлари иштирок этмоқда.

Масалан, Қозоғистон, Қирғизистон,Тожикистон Ташкилотга аъзо давлатлар сифатида қатнашаётган бўлса,  Туркманистон етакчиси меҳмон мақомида Самарқандга таклиф қилинди. 

Аммо Ўзбекистоннинг ўзи доимий равишда гуманитар ёрдам кўрсатиб келадиган, унинг иқтисодиётини тиклаш тарафдори бўлган жанубий қўшниси Афғонистондан бирорта расмий вакил йўқ. 

Самарқанддаги саммитни ёритишда иштирок этаётган QALAMPIR.UZ мухбири ШҲТ Афғонистонни қабул қила оладими, деган савол билан  эксперт-сиёсатшунос Сайфиддин Жўраевга юзланди.

“Саммитда Афғонистондан делегация иштирок этмаяпти. Сабаби оддий – ўтган йили Афғонистонда турли хил ҳарбий ҳаракатлар натижасида давлат тўнтариши бўлиб, муваққат ҳукумат ўзгарди. Лекин бу муваққат ҳукумат ҳозиргача деярли тан олинмади. Жумладан, ШҲТ доирасида ҳам муваққат ҳукумат билан ҳамкорлик алоқалари тўхтатилган”, дейди Жўраев.

Лекин мутахассис бу Афғонистонга муносабатнинг ўзгарганини ёки унда бўлаётган жараёнларга салбий таъсир қилмаслигини урғулади. Унинг айтишича, Ўзбекистон учун Афғонистондаги тинчликнинг таъминланиши, унинг тараққиёти масалалари доимо асосий устувор вазифалардан бири бўлиб қолади. 

“Эртанги саммитда ҳам Афғонистон масаласи кўриб чиқилади. Чунки Афғонистоннинг тинчлиги ва ривожланиши учун муносиб шароит яратилиши керак”, дейди у. 

Шунингдек, Сайфиддин Жўраев яқинда Ўзбекистон ташаббуси билан Афғонистон бўйича конференция ўтказилгани, унда эса "Толибон" олдига халқаро жамиятнинг мурожаати ва талаблари қўйилганига тўхталди:

“Унда тинчликни таъминлаш, афғон халқи учун қайғуриш, иқтисодиётни тиклаш учун жаҳон ҳамжамияти билан муносабатларни тиклаш масаласи кўрилди. Шунингдек, биринчи навбатда, Афғонистон ҳудудида террористик руҳда юрган ташкилотлар билан алоқа қилмаслик масаласи ҳам кўриб чиқилди”.

У ўз фикрини якунлар экан, Президентнинг “Амударёнинг нариги томони тинч бўлмас экан, бутун Марказий Осиё давлатлари ҳам тинчимайди”, мазмунидаги гапларини тилга олди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритган “Толибон” радикал ҳаракати вакиллари 16-17 сентябрь кунлари Самарқандда бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) саммитига таклифнома олмагани ҳақида хабар қилган эдик.

Ҳулкар Муртазоева


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

138

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг