“Севилья” ўз рекордини янгилади
Спорт
−
01 Июнь 2023
1733Бугун, 1 июнь куни Венгриянинг Будапешт шаҳрида UEFA Европа лигаси мусобақасининг финал ўйини бўлиб ўтди. Финалда мусобақанинг 6 карра чемпиони Испаниянинг “Севилья” клуби UEFA Конференциялар кубоги мусобақасининг амалдаги чемпиони “Рома”ни мағлуб этиб, ўз тарихида 7-маротаба турнир чемпионлигини қўлга киритди.
Биринчи бўлимнинг 35 дақиқасида “бўрилар” шарафини ҳимоя қилаётган аргентиналик Пауло Дибала ҳисобни очган бўлса, иккинчи бўлимнинг 54 дақиқасида Жанлука Манчини ўз дарвозасига тўп киритиб қўйди.
Шу тариқа ўйиннинг асосий вақти ва қўшимча таймларда ҳам ғолиб жамоа номи аниқланмай қолди. Пеналтилар сериясида “Севилья” 4:1 ҳисобида Италия клубидан устун келиб, чемпионликни ўз номига расмийлаштирди.
“Севилья” бунгача (UEFA кубоги билан қўшганда) 2006, 2007, 2014, 2015, 2016 ва 2020 йилларда мазкур турнирда ғолиб бўлган. Жамоа финалларда умуман ютқазмаган.
Муҳсинжон Умурзоқов
LiveБарчаси