Сергей Лазарев “ташқаридаги вазият” сабаб инглиз тилида куйлашдан воз кечмоқчи

Маданият-санъат

image

Россия эстрадаси юлдузи Сергей Лазарев сентябрь ойида Россиянинг Сочи ва Анапа шаҳарларида бўлиб ўтадиган концерт дастурида инглиз тилидаги қўшиқларни куйлашни режалаштирмаяпти. Бу ҳақда “prozvezd” нашри хабар бермоқда.

Хонанданинг фикрича, у инглиз тилида куйламаслигига ташқаридаги вазият ўзгаргани ва рус томошабинларига инглиз тили бегона эканлиги сабаб бўлган.

“Ижодимни бошлаган вақтимда бу мендаги ўзига хослик эди, мен узоқ вақт давомида инглиз тилида куйладим. Менга бу ёқарди, лекин ташқаридаги вазият ўзгарганидан сўнг, мен рус тилида куйлай бошладим. Рус томошабинлари учун мен инглиз тилида куйлаган қўшиқлар бегона, улар мен нима куйлаётганимни тушунишмасди, буни ҳис этардим. Рус тилида куйлашни бошлаганимдан сўнг, томошабинлар билан орамиздаги масофа янада яқинлашди”, дейди хонанда.

Хонанданинг таъкидлашича 20 йил давомида томошабинлар эътиборини ушлаб туриш осон эмас. Лазарев ҳаттоки дам олган вақтида ҳам фақат иш ва ижод ҳақида ўйлаганини қўшимча қилган.

“Бизда тез-тез янги артистлар пайдо бўлишади, лекин бир-икки йилдан сўнг улар йўқолиб қолади. Ёки улар машҳурликка эришгач, бурни кўтарилиб, ўзларини бўш қўйиб юборади. Уларнинг ҳаёлида машҳурлик бир умрга берилган, аммо орадан уч йил ўтиб уларни ҳеч ким эсламайди”, дейди Лазарев

Сергей Лазарев сўнги йиллардаги концертларида “N-tour” дея номланган шоу дастури билан саҳнага чиқаётган эди. 5 ва 8 сентябрь кунлари Сочи ва Анапа шаҳарларида бўлиб ўтадиган концертлар “N-tour” дастури сўнги бор саҳнада намойиш этилади. Хонанданинг бундан кейинги концерт шоуларида “Я не боюсь” (“Мен қўрқмайман”) дея номланган янги мусиқий дастури намойиш этилади.

Маълумот ўрнида, Сергей Лазарев 1983 йилнинг 1 апрель куни Россия пойтахти Москвада туғилган. 2000 йилда хонандалик фаолиятини бошлаган. Нуфузли “Евронигоҳ” (“Eurovision”) қўшиқлар танловида икки бор Россия шарафини ҳимоя қилган. У 2016 йилда “You Are the Only One” ва 2019 йилда “Scream” номли тароналар билан танловда иштирок этиб ҳар икки сафар 3-ўринни қўлга киритган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

97

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг