Сербия армияси юқори жанговар ҳолатга келтирилди
Олам
−
26 Май 2023
15134Сербия Президенти Александр Вучич мамлакат армиясини юқори жанговар ҳолатга ўтказди. Бу ҳақда "Вечерние новости" газетаси хабар берди.
Маълум қилинишича, давлат раҳбари Сербиянинг Косово ҳамда Метохия билан чегарасига ҳарбий бўлинмаларни зудлик билан жойлаштиришни буюрган. Бунга Косово шимолидаги этник сербларнинг кичик гуруҳлари бир нечта биноларга киришни тўсиб қўйганидан сўнг Косово полицияси томонидан уларга қарши кўздан ёш оқизувчи газлар қўллангани сабаб бўлгани айтилмоқда.
Тўқнашувларга жавобан берган баёнотида Сербия Президенти Вучич армияни юқори шайлик ҳолатига келтирганини айтган.
Сербия матбуотида тарқалаётган хабарларга кўра, Вучич НАТО бошчилигидаги Косово қўшинларидан серб этник гуруҳларини Косово полициясининг “зўравонлик” ҳаракатидан ҳимоя қилишни сўраган.
Косово шимолидаги Звекан, Лепасович ҳамда Зубин Поток коммуналарининг янги мэрлари идораларига киришда этник сербларнинг қаршилигига учрагани ва бунда полиция ёрдамидан фойдаланилгани маълум қилинган.
Шу йилнинг 23 апрель куни Косовода ўтказилган навбатдан ташқари сайловлар мэрлик лавозимларига фақат этник албан ёки бошқа озчилик вакиллари сайлангани ҳақидаги даъволар билан серблар томонидан бойкот қилинган.
Маълумот учун, Косово 1998-1999 йиллардаги урушда Сербиядан ажралиб чиққан ва 2008 йилда ўз мустақиллигини эълон қилган. Бугунги кунга қадар бир қатор Ғарб ва Европа давлатлари унинг мустақиллигини тан олган. Фақат қитъанинг беш давлати – Словакия, Испания, Руминия, Кипр ва Греция ушбу давлатни тан олмаган. Шунингдек, Ҳиндистон, Хитой, Россия каби давлатлар ҳам Косовони мустақил давлат сифатида кўрмайди. Сербиянинг ўзи бўлса 2006 йилги Конституциясига кўра, Косовони ҳеч қачон тан олмаслигини белгилаб қўйган. 2013 йилдаги Приштина-Белград келишувига кўра, Косовонинг серблар яшайдиган ҳудудларини бирлаштирган уюшма ташкил қилиниши керак эди. Бироқ кейинчалик бу Косово Конституциявий суди томонидан конституцияга зид деб топилган. Ҳозирда Қўшма Штатлар ҳам, Европа Иттифоқи ҳам уюшма масласида Косовога босим ўтказмоқда.
Эслатиб ўтамиз, яқинда Сербия ва Косово ўзаро алоқаларни нормаллаштириш бўйича келишувга эришгани хабар қилинганди.
LiveБарчаси