Сентябрда товарлар ва хизматлар нархи қанчага қимматлашгани маълум бўлди
Жамият
−
01 Октябрь 2021
3738Жорий йилнинг сентябрь ойида истеъмол бозоридаги товарлар ва хизматларнинг нархлари 1,1 фоизга қимматлашди. Дастлабки 9 ой давомида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ошиши бўйича етакчиликни ушлаб турибди (6,7 фоиз). Ноозиқ-овқат маҳсулотлар ушбу даврда 4,9 фоизга қимматлашган бўлса, хизматлар 6,1 фоизга арзонлашди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси Матбуот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, маҳсулотларнинг асосий гуруҳлари орасида 2021 йилнинг учинчи чорагида нархлар ошиши бўйича етакчи учликдан ёғ-мой маҳсулотлари (1,2 баробар), гўшт маҳсулотлари (9,5 фоиз), шакар, қандолат маҳсулотлари ва десертлар (8,6 фоиз) ўрин олган. Йиллик нисбатда ёғ-мой маҳсулотлари (1,4 баробарга), сабзавотлар, илдизмевалилар, плантайнлар ва дуккаклилар (25,9 фоиз), мевалар ва ёнғоқлар (16,6 фоиз), шакар, қандолат маҳсулотлари, десертлар (16 фоиз) сезиларли даражада қимматлашган.
2021 йилнинг сентябрь ойида асосий озиқ-овқат маҳсулотларидан (мева-сабзавотлардан ташқари) сезиларли даражада нархлар ўсиши товуқ гўшти (1,9-2,8 фоиз), тухум (2,4 фоиз), мол гўшти ва қўй гўшти (1,8 фоиз) нархларида қайд этилган. Шу билан бир қаторда, барча навдаги гуручлар ва гуруч оқшоғи ўртача 0,1 фоизга арзонлашган.
2020 йилнинг декабрига нисбатан ўсимлик ёғи (1,3 баробар), шакар (16,0 фоиз), оқ қанд (13,2 фоиз), товуқ болдири ва сон қисми (13 фоиз) нархлар ошиши бўйича етакчи ўринларни эгаллашда давом этмоқда. Нархларнинг пасайиши тухум (-13,2 фоиз) ва гуруч, гуруч оқшоғи (-1,2 фоиз) нархларида қайд этилди.
Маълумот учун, истеъмол нархлари индекси (ИНИ) бу – истеъмол секторидаги инфляция даражасини ифодалайдиган муҳим кўрсаткичлардан бири. У ўртача истеъмолчи томонидан якуний истеъмол учун сотиб олинган товарлар ва хизматлар ўзгармас мажмуи қийматининг ўзгаришини ифодалайди.
LiveБарчаси