Сенсация! Ҳоким ҳақорат учун жаримага тортилди
Жамият
−
10 Январь 2020
11730Фермерларни сўкиб, ҳақорат қилган Мингбулоқ тумани ҳокими Нуршод Худойбердиевга нисбатан чора кўрилиб, ҳоким 4 млн 460 минг сўм жаримага тортилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси хабар бермоқда.
2019 йил декабрь ойи охирларида ижтимоий тармоқларда Мингбулоқ туман ҳокими Нуршод Худойбердиев фермерларни сўкиб ташлади акс этган аудиоёзув тарқалган эди. Аудиоёзувдаги ҳолатлар юзасидан Наманган вилоят прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ўтказилди.
Аниқланишича, 2019 йилнинг 9 декабрь куни соат 10:00да Мингбулоқ тумани, Меҳнатобод маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Гигант” муқобил машина трактор парки саройида Мингбулоқ туман ҳокими вазифасини бажарувчи Нуршод Худойбердиев раҳбарлигида техника ва кузги-қишки агротехник тадбирлар юзасидан йиғилиш ўтказилиб, унда тумандаги “Гигант”, “Гулистон”, “Гулбоғ-1” ММТП ҳудудлари раислари ҳамда қишлоқ хўжалиги техникаси мавжуд фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этган.
Йиғилиш давомида туман ҳокими вазифасини бажарувчи Нуршод Худойбердиев “Гулистон дача” фермер хўжалиги иш бошқарувчиси М.Халилов ва бошқа фермер хўжаликлари раҳбарларини қишлоқ хўжалиги техникаларини таъмирламаётгани, сусткашликка йўл кўйиб келаётганлари хусусида танбеҳ бериб, сўнг ҳақорат қилгани ҳамда уларнинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситганлиги аниқланган.
Текшириш натижасига кўра, Наманган вилоят прокуратураси томонидан Н.Худойбердиевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддаси билан маъмурий ҳуқубузарликка доир иш қўзгатиш ҳақида қарор қабул қилиниб, маъмурий чора қўллаш учун тўпланган ҳужжатлар Мингбулок тумани маъмурий судига юборилган.
Мингбулок тумани маъмурий судининг 10.01.2020 йилдаги қарорига кўра, Нуршод Худойбердиев МЖтКнинг 41-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган шахс деб топилиб, унга нисбатан қайд этилган модда билан базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари миқдорида, яъни 4 млн 460 минг сўм миқдорида жарима жазоси тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, бугунгача ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган ҳокимларнинг овозли ёзувлари билан боғлиқ ҳеч бир ҳолатда ҳокимлар жаримага тортилмаган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь