Сенатда алкоголь ва тамаки истеъмолини чеклашга оид қонун рад этилди

Жамият 5451
image

Бугун, 13 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма еттинчи ялпи мажлисида “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.

Мазкур қонун “Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклаш тўғрисида”ги ва бошқа қонунлардаги нормаларни ўз ичида мужассамлаштиради. Шу сабабли уларни ўз кучини йўқотган, деб топиш назарда тутилади.

Бироқ, ялпи мажлисда Сенат аъзолари қонуннинг асосий тушунчаларига аниқлик киритиш зарурлиги, коллизион нормалар мавжудлиги, ҳуқуқни қўллаш амалиёти чуқур ўрганиб чиқилмагани боис қонунни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Рад этиш учун асосий сабаблар сифатида қатор масалалар келтириб ўтилган. Жумладан, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг зарари тўғрисида тарғибот-ташвиқот ҳамда профилактика ишлари фақатгина вояга етмаганлар ўртасида олиб борилиши, бундай маҳсулотларни сотиш ва истеъмол қилиш 21 ёшга тўлмаган шахслар учун тақиқланиши кўзда тутилган. Натижада ушбу қонун доирасида 18 ёшдан юқори ва 21 ёшга тўлмаган шахслар қатлами четда қолмоқда. 

Шунингдек, қонунда “носвой”, “тамакили снюс” ва “никотинли снюс” тушунчалари чекилмайдиган тамаки маҳсулотлари доирасига киритилган. Бунда “носвой” тушунчасининг мазмуни алоҳида хатбошида очиб берилган, бироқ бошқа янги турдаги чекилмайдиган тамаки маҳсулотлари “тамакили снюс” ва “никотинли снюс” тушунчалари очиб берилмаган, уларнинг бир-биридан фарқи баён этилмаган.

Қонунда фақатгина Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган табиий ва кўпикланадиган виноларнинг рекламасига қайси ҳолларда йўл қўйилиши баён этилган.  

Бироқ, жорий йил 7 июндаги “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 39-моддасида табиий ва кўпикланадиган винолар билан бирга пиво рекламасига ҳам йўл қўйилиши белгиланган. Бу эса нормалар коллизиясини келтириб чиқармоқда. Шунга кўра, қонуннинг тегишли нормасини “Реклама тўғрисида”ги қонунга мувофиқлаштириш зарурлиги таъкидланган. 

Мажлисда қонуннинг аҳамияти ҳамда бугунги кундаги долзарблигини инобатга олиб, Қонунчилик палатаси томонидан кўрсатилган камчиликлар кўриб чиқилгач, Қонун Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлиси кун тартибига қайта киритилиши билдирилди.

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 106
Рейтинг: 2.9
t
×