Сенат янги таҳрирдаги “Электр энергетикаси тўғрисида”ги қонунни маъқуллади
Жамият
−
10 Июль
16040Бугун, 10 июль куни Сенатнинг эллик тўртинчи ялпи мажлисида янги таҳрирдаги “Электр энергетикаси тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди ва сенаторлар томонидан маъқулланди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, амалдаги қонун 2009 йилда қабул қилинган бўлиб, унда электр энергиясининг улгуржи ва чакана бозори, жумладан, соҳада рақобатни қўллаб-қувватлаш механизмлари назарда тутилмаган, электр таъминотининг ишончли, хавфсиз, барқарор ҳамда кам харажатли ишлашини таъминлайдиган нормалар акс эттирилмаган, истеъмолчиларнинг нархлар ва хизматлар кўрсатиш сифати бўйича манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатлари белгиланмаган.
“Янги таҳрирдаги “Электр энергетикаси тўғрисида”ги қонун билан истеъмолчиларнинг нархлар, ишончли электр таъминоти ва хизматлар кўрсатиш сифати бўйича манфаатларини ҳимоя қилиш, электр энергияси жиддий тўсиқларсиз сотиладиган ликвидли бозорни шакллантириш мақсадида самарали, шаффоф, табақалашмаган ва рақобатдош электр энергия бозорининг юзага келиши ва ривожланишига кўмаклашиш назарда тутилмоқда”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, қонунда рақобат муҳитини ривожлантириш, хусусий сармояларни жалб қилиш ва жорий этишни рағбатлантирувчи электр энергетика тармоғининг самарали фаолият юритиши учун тузилма ва умумий қоидалар белгиланмоқда.
“Қонунда инсофли рақобат, тенглик ва ҳисобдорлик, очиқлик ва шаффофлик, электр энергетикаси хавфсизлигининг устуворлиги кабилар соҳанинг асосий принциплари этиб белгиланиб, электр энергетикаси соҳасининг мақсадларига оид янги модда киритилмоқда”, дейилади хабарда.
Бундан ташқари, қонунда электр энергияси бозорида трейдерлар (жисмоний ёки юридик шахслар) фаолиятини тартибга солишга қаратилган умумий қоидалар, уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларига оид норма киритилмоқда.
Сенаторларнинг таъкидлашича, қонуннинг қабул қилиниши соҳага хусусий инвестицияларни жалб қилишга ва бу орқали электр энергетикаси соҳасининг самарали фаолият юритишига, электр энергетикаси корхоналарининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарликларини белгиланишига ҳамда электр энергиясини қайта тикланадиган энергия манбаларидан ишлаб чиқаришни рағбатлантиришга хизмат қилади.
Мажлисда, шунингдек, “Энергияни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш ва энергия самарадорлигини ошириш тўғрисида”ги қонун ҳам кўриб чиқилди ва сенаторлар томонидан маъқулланди.
“Қонунда энергетика хавфсизлигини таъминлаш, энергияни тежаш ҳамда самарадорликни ошириш, ресурслардан оқилона фойдаланиш тартиб-тамойиллари, электр ва иссиқлик энергияси, ёқилғи ва ноанъанавий энергия ресурсларидан иқтисодиёт тармоқлари ҳамда ижтимоий соҳада тежамли ва самарали фойдаланиш вазифалари ва қоидалари белгилаб берилмоқда”, дейилади хабарда.
Шунингдек, энергияни тежаш ва энергия самарадорлик талабларини бузганлик ва ресурсларни меъёридан ортиқча сарфлагани учун жавобгарликни белгилаш ҳам назарда тутилган.
Қурилиш ва транспорт соҳасида, бино ҳамда иншоотларда, иссиқлик таъминоти ва коммунал хизмат кўрсатиш корхоналарида, қишлоқ ва сув хўжалигида энергияни тежаш ҳамда энергия самарадорлигини ошириш йўналишлари кўзда тутилмоқда.
LiveБарчаси