Сенат ялпи мажлисининг жонли эфири тўсатдан тўхтаб қолди
Жамият
−
28 Апрель 2022
8270Бугун, 28 апрель куни Олий Мажлис Сенатининг 25-ялпи мажлиси бўлиб ўтмоқда. Бироқ, мажлис одатдагидек жонли эфирга узатилмаяпти.
Юқори палата ялпи мажлиси шу чоққача “UzReport” телеканали орқали жонли эфирга узатиб келинаётганди. Бу сафар эса эфир фақатгина 8 дақиқага чўзилган. Кейин у узилиб қолган.
Ушбу ҳолат юзасидан QALAMPIR.UZ журналисти Сенат Матбуот хизмати ходими Мирзо Улуғбек Мадалиев билан боғланиб, нега бундай ҳолат юз бергани ҳақида сўради. Бироқ, у ҳозирда бу ҳақда ҳеч қандай маълумот йўқлиги ва билмаслигини айтиш билан чекланди.
Айтиш жоизки, Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлислари 2019 йилда Танзила Норбоева Сенат раиси бўлганидан буён жонли эфирга узатиб келинарди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 июнь куни қабул қилинган ПФ-6247 сонли “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида 2021 йил 1 декабрдан бошлаб парламентнинг ҳар иккала палатаси ва ҳудудий кенгашлар сессияларини телеканаллар ва интернет тармоғи жонли эфирга узатилиши белгиланган. Бу вазифа ижроси учун масъул сифатида МТРК ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги кўрсатилган.
LiveБарчаси