Сенат мигрантлар тўғрисидаги қонунни рад этди
Жамият
−
13 Сентябрь 2022
8089Бугун, 13 сентябрь куни Олий Мажлис Сенатининг ўттиз иккинчи ялпи мажлисида сенаторлар “Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида”ги қонунни муҳокама қилдилар.
Таъкидланишича, ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги муносабатларни тартибга солишни кўзда тутадиган мазкур Қонун сенаторлар томонидан соҳа экспертлари, вазирлик ва идоралар вакиллари иштирокида таҳлил қилинди ва унинг айрим моддаларининг нормаларида ноаниқликлар аниқланган.
Хусусан, Қонуннинг 26-моддаси иккинчи қисмида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун уюшган ҳолда Ўзбекистон Республикасидан чиқиб кетаётган фуқаролар ўзини ўзи банд қилган шахс мақомини олган шахсларга тенглаштирилиши ва уларга нисбатан ўзини ўзи банд қилган шахслар учун белгиланган солиқ солиш ва пенсия миқдорини ҳисоблаб чиқариш тартиби қўлланилиши қайд этилган.
Ушбу модданинг тўртинчи қисмида эса, уюшган ҳолда ишга жойлаштириш доирасида чиқиб кетаётган фуқароларга ушбу моддада назарда тутилган ижтимоий кафолатлар, башарти улар “Labor-migration” ахборот тизимида рўйхатдан ўтказилган бўлса, берилиши шарти белгиланмоқда.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 408-моддасига мувофиқ меҳнат стажи ҳисобланиши учун ўзини ўзи банд қилган шахслар, меҳнат шартномаси асосида чет элда ишлаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг камида бир баравари миқдорида ихтиёрий тартибда солиқ тўлаши қайд этилган.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ҳам солиқларни тўлаш, пенсия миқдорини ҳамда меҳнат стажи ҳисоблашда қўшимча шартлар сифатида вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимларида рўйхатдан ўтиш назарда тутилмаган. Бу меҳнат миграцияси йўли билан Ўзбекистон Республикасидан чиқиб кетаётган фуқаролар учун назарда тутилган ижтимоий кафолатларни ахборот тизимида рўйхатдан ўтганидан сўнг бериш шарти Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 408-моддасига ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 15 сентябрдаги қарорининг 12-бандига зид эканини англатади.
Қайд этилишича, қонуннинг 5-моддасида мажбурий меҳнатнинг белгилари ва кўринишлари тўлиқ очиб берилмаган. Хусусан, иш бажаришга мажбурлаш деганда бирон-бир жазо қўллаш таҳдиди билангина чекланиб қолиши, зўравонлик тўғридан-тўғри қўлланиш ҳолатлари мавҳумлигича қолган.
Муҳокама жараёнида шунингдек, Қонуннинг бошқа биронта моддасида фуқароларни касбга ва чет тилларига ўқитиш ҳамда уларга халқаро миқёсда тан олинадиган сертификатлар бериш тартиби тўғрисида нормалар акс эттирилмагани, яъни, Қонунда фуқароларни ким томонидан ўқитиш ёки сертификатлар бериш ёхуд қайси касбларга ўқитиш каби механизмлар етарлича очиб берилмагани айтиб ўтилган.
Бундан ташқари Қонунда 30 га яқин ҳавола қилувчи нормалар мавжудлиги, унинг тўғридан-тўғри амал қилишига салбий таъсир кўрсатиши, муайян органларнинг ўз ваколатларини суиистеъмол қилишига замин яратиши таъкидланган.
Муҳокамалардан сўнг “Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини рад қилиш тўғрисидаги Сенат қарори қабул қилинган.
LiveБарчаси