Сенат қонунни маъқуллади. Низоларни суддан ташқари ҳал қилиш механизми ишга тушади
Жамият
−
11 Сентябрь 2020
4641Маълумки, бугун, 11 сентябрь куни Олий Мажлис Сенатининг еттинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтяпти. Унда сенаторлар “Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида”ги қонунни муҳокама қилди.
Ҳозирги замонда иқтисодиётнинг глобаллашуви тез чуқурлашаётган, хўжаликлараро алоқалар ривожланаётган ҳамда халқаро даражаларда қонунчилик бирхиллаштирилаётган шароитларда миллий ва халқаро даражаларда бозор муносабатларининг асосий омилларидан бири ҳисобланган халқаро арбитраж тижорат низоларини ҳал этишнинг муқобил ва суд маҳкамасидан ташқари шакли сифатида тобора катта аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистонда халқаро тижорат арбитраж судларининг фаолиятини ташкил этиш ва тугатиш тартибини ҳуқуқий тартибга солиш, халқаро тижорат арбитраж суди фаолиятининг асосий принципларини белгилаш, шунингдек, хорижий инвесторлар, миллий компанияларни чет эллик ҳамкорлар билан ўзаро муносабатларида уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш зарурияти туғилди.
Мазкур Қонуннинг қабул қилинишидан кўзланаётган асосий мақсад – низоларни кўришда хўжалик юритувчи субъектларнинг сарф харажатларини қисқартириш, арбитраж ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижро этиш механизмларини белгилаш ҳамда шу асосда халқаро шартномаларнинг низоли масалаларини ҳал қилишда мамлакатнинг минтақадаги обрўсини ошириш каби масалалар эканлиги таъкидланди.
Қайд этилишича, Қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши Ўзбекистон низоларни муқобил ҳал қилиш усули ҳисобланган фуқаролик жамиятининг муҳим институти сифатида арбитраж муҳокамаси институтини ривожлантиришга, ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун зарурий ҳуқуқий шарт-шароитлар яратишга, ташқи иқтисодий шартномалардан келиб чиқадиган низоларни кўришда муддатлар ва харажатларни қисқартиришни таъминлашга имкон яратилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди ва эълон қилинган кундан олти ойдан кейин кучга киришини инобатга олиб, мутасадди идораларга уни кенг тарғиб қилиш ва тўлиқ ишлаб кетиши учун зарур механизмларни ишлаб чиқиб, жорий қилиш топширилди.