“Сен бўлмасанг бошқаси”. Чавушўғлу АҚШга Россия борлигини эслатиб қўйди
Олам
−
29 Октябрь 2021
15758Агар АҚШ модернизация қилинган F-16 самолётларини Туркияга етказиб беришдан бош тортса, расмий Анқара Россиянинг Су-35 ва Су-57 самолётларини сотиб олиш имкониятини кўриб чиқади. Бу ҳақда Туркия Ташқи ишлар вазири Мевлуд Чавушўғлу CNN Турк телеканали эфирида айтиб ўтди.
Бир гуруҳ америкалик сенаторларнинг F-16 самолётларини Туркияга сотишдан бош тортишни талаб қилиб АҚШ ҳукуматига йўллаган мурожаатига изоҳ берар экан, Чавушўғлу Америкада турли лоббилар Анқарага қарши иш олиб бораётганини қайд этди.
“Бу масалада асосий нарса Оқ уйнинг позицияси. Жо Байден маъмурияти Конгрессни Туркияга қурол сотишни қўллаб-қувватлашга кўндира олади. Агар АҚШ расмийлари қатъий бўлса, қонунчилар қарорни қўллаб-қувватлайди”, дейди Чавушўғлу.
Туркия вазири Анқаранинг ҳар доим муқобил вариантлари борлигини урғулади.
“Ҳозирги кунда мудофаа маҳсулотларининг бир қисми Туркиянинг ўзида ишлаб чиқарилмоқда, бир қисми эса четдан келтирилмоқда. Бу F-35 ва F-16 сотиб олишга ҳам тегишли. Агар АҚШ Туркияга самолётларни сотмоқчи бўлмаса – Оқ уй қўллаб-қувватламаса ёки Конгресс блокласа, биз бошқа вариантларни, жумладан, Су-35 ва Су-57ни ҳам кўриб чиқамиз. Бу биз ўз самолётимизни ишлаб чиқаришни бошламагунимизча давом этади”, деган вазир.
Аввалроқ, Туркия ТИВ раҳбари АҚШ ва Россияни Сурия бўйича Туркия олдидаги мажбуриятини бажармаётганини айтиб, бу ҳолат давом этса, Анқара ўз кучлари билан муаммони ечиниги қўшимча қилган.
LiveБарчаси