Селена Гомесдан Рим Папасигача: Илон Маск машҳурларнинг “галочка”сини тортиб олди
Технология
−
21 Апрель 2023
11473Twitter платформасида бир қатор машҳур инсонларнинг ҳисобидан тасдиқланганлик белгиси олиб ташланди. Бу ҳақда “NBC News” хабар берди.
Қайд этилишича, кеча, 20 апрель куни кўплаб таниқли кишилар, жумладан, Дональд Трамп, Билл Гейтс, Селена Гомес, Кети Перри, Папа Франциск кабиларнинг Twitter аккаунтидаги “verified” белгиси йўқолиб қолган. Шунга қарамай, ҳозирча ҳукумат вакиллларига тегишли ҳисоблардаги кулранг белгилар олиб ташланмаган.
Аввалроқ Илон Маск Twitter платформасида тасдиқланганлик белгисига пуллик обуна жорий қилинишини ва бу шу йилнинг 1 апрелидан кучга киришини маълум қилганди. Кейинроқ унинг янги санаси 20 апрель этиб белгиланди. Кечадан бошлаб, тасдиқланганлик белгиси учун ойига 8 доллар, йилига эса 84 доллар тўлаш тартиби ишга тушди.
Маълумот учун, Twitter Blue'га обуна бўлиш ҳисобга “галочка” қўшишдан ташқари твитларни таҳрирлаш, узунроқ ҳажмдаги матнлар киритиш, каттароқ видеоларни жойлаш каби имкониятларни ҳам беради. Шу билан бирга, матнни форматлаш: қалин ва қия қилиб ёзиш, 50 фоиз камроқ реклама твитларини намойиш қилиш каби янгиликлар ҳам айнан ойига 8 долларлик обуна тўловини амалга оширган фойдаланувчиларга тақдим этилади.
Бироқ аксар машҳурлар шахсий ҳисобларини фейк аккаунтлар ва фирибгарлардан фарқлаш мақсадида бериладиган кўк белгини олиш учун ойига саккиз доллардан тўлашни хоҳламаслигини маълум қилган.
LiveБарчаси