“Сельхоз” ёндими ё ёқиб юборилди?
3-саҳифа
−
01 Октябрь
16838Кеча, 30 сентябрь куни соат 20:10 да Тошкент вилояти, Қибрай туманида жойлашган Тошкент давлат аграр университети ҳудудидаги бинода ёнғин содир бўлди. Ёнғин 2400 квадрат метр майдонга тарқалиб, амалга оширилган саъй-ҳаракатлар натижасида 1000 квадрат метр майдон сақлаб қолинган.
“Содир бўлган ёнғинни бартараф этиш ишларига жами 27 та техника ва 200 га яқин шахсий таркиб жалб қилинган. Ёнғин 21:36 да қуршаб олинган ҳамда 22:10 да батамом ўчирилган”, дея ахборот берди Тошкент шаҳар ФВБ матбуот котиби Рустам Алимов.
Ёнғиннинг келиб чиққани бўйича маълумот олиш учун маҳаллий аҳолига юзландик. Университет яқинида савдо билан шуғулланувчи тадбиркорнинг айтишича, ёнғин жуда тез алангаланиб кетган.
“Биз пастда тургандик, биринчи қават ёнаётганини кўриб қолдик. Орадан 5 дақиқа ҳам ўтмасдан бутун 9 қават ёниб кетди. Аликафон шамол таъсирида тез алангаланди ва бино бўй бараварига ёниб кетди. Биз ёнғин дўконимизга ўтиб кетмасин, деб бориб ёрдамлашдик. Оловнинг чўғи атрофга тарқалиб, арчалар ёна бошлаганди. Биз қўлимиздан келгунча ўчириб турдик. Яхшиямки, университет биноси олдида фонтан ҳовузи бор экан. Унга эркаклар тушиш-тушмаслигини билмай турганида бир аёл шарт келиб ичига тушиб олди-да, челаклаб сув узатиб турди”, деди воқеа гувоҳларидан бири.
Бошқа бир суҳбатдошнинг айтишича, аҳоли орасида даставвал қўрқув бўлиб, бироз ваҳима кўтарилган.
“Одамлар йўлларни тўсиб, машиналар ҳаракатини тўхтатиб турди. Ҳамма қўлидан келганча ёрдам беришга уринди. Ўт ўчирувчилар келгунча амаллаб турдик”, деди у.
Аммо гувоҳларнинг айтишича, бино ёнидаги уйларда ҳеч қандай шикаст етмаган. 9 қаватли бинодан эса қуруқ девордан бошқа ҳеч нарса қолмаган ва аянчли ҳолатга келиб қолган.
“Хабарингиз бор, кеча университетимизда 9 қаватли иқтисодиёт биноси талафот кўрган. У ерда ҳеч ким бўлмаган ва ҳеч ким зиён кўрмаган. Ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ҳали аниқланмади. Тегишли масъуллар томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда”, деди университет матбуот котиби Зарнигор Содиқова.
Шунингдек, у университетнинг ҳужжатлари сақланадиган қисм ёнгани ҳақидаги хабарларни рад этди ва ота-оналардан ҳам фарзандларидан хавотир олмасликларини сўради.
Аммо ёнғин содир бўлганидан сўнг ундан бироз узоқроқда жойлашган талабалар тураржойларида яшовчи талабалар эвакуация қилинмаган.
“Биз ўша пайтда ётоқхонада эдик. Ёнғин бўлаётганини эшитиб, пастга тушдик. Бироз томоша қилдик ва кейин ухлагани кириб кетдик”, деди талабалардан бири.
Буни университет матбуот котиби ёнғин ҳудуди билан ТТЖ ўртасидаги масофанинг узоқлиги билан изоҳлади.
“Юқорида айтганимдек, бу ёнғин бинонинг кириш қисмида содир бўлган. Бу талабалар тураржойига салбий таъсир кўрсатмайди. Уларнинг дарсларга эртага келиш-келмаслиги ҳозир муҳокама қилинмоқда”, деди у.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ QALAMPIR.UZ воқеа жойидан репортаж тайёрлаган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь