Сайёҳлик компаниялари, меҳмонхоналарга 300 млрд сўмлик кредит линиялари очилади
Жамият
−
29 Март 2023
3872Сайёҳлик компаниялари, меҳмонхоналарга айланма ва инвестицияни кўпайтириш учун қўшимча 300 миллиард сўмлик кредит линиялари очилади. Бу кредитлар бўйича фоизларнинг бир қисмини Тадбиркорлик жамғармасидан қоплаш тартиби жорий қилинади. Бу ҳақда бугун, 29 март куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида республикада туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш масалалари юзасидан бўлиб ўтаётган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Ушбу йиғилишда хорижий сайёҳларнинг Ўзбекистонда бир кун кўпроқ қолиши – йиллик туризм экспортини 300 миллион долларга ошириши таъкидланди.
Мисол учун, бугунги кунда Хоразмда туристларнинг қолиш муддати – ўртача 2 кун, сарфлайдиган маблағи – 220 доллар. Хорижий сайёҳлар Бухоро, Самарқандга қараганда Хоразмда 2,5 баравар кам. Лекин Хоразмда уларни 3-4 кун олиб қолиш ва 400-500 доллар харажат қилишлари учун барча имкониятлар мавжуд.
Шунингдек, ўтган йили 31 та туман ва 143 та маҳалла туризмга ихтисослаштирилиб, уларда алоҳида солиқ режими жорий қилинди. Бу имкониятдан Фориш, Ургут, Хўжайли, Пайариқ, Нурота туманлари ва Ангрен шаҳри самарали фойдаланган.
Видеоселектор йиғилишида на темир йўли бор, на инфратузилмаси ривожланган, чекка ҳудудда жойлашган бу туманларда шунча ўзгариш бўлиб, шароити анча яхши бўлган Когон, Китоб, Хатирчи, Қизилтепа, Янгиқўрғон, Тойлоқ, Бойсун, Паркент, Боғот туманлари ўзида бор имкониятлардан фойдаланмаётгани танқид қилинди.