Сайловолди машмашалари. Беларусда 80 киши ҳибсга олинди
Олам
−
20 Июнь 2020
4703Минскдаги сўнгги сайлов пикетларидан кейин кечаси хавфсизлик кучлари камида 80 кишини ҳибсга олди. Бу ҳақда Беларусда рўйхатдан ўтмаган "Весна” ҳуқуқ ҳимоя маркази хабар бермоқда.
Ҳуқуқ ҳимоячилари, шунингдек, ҳибсга олинганлар эрталабгача туман ички ишлар бўлимларидан чиқарила бошлаганини хабар қилган. Рухсат этилмаган оммавий тадбирда иштирок этганлик учун протоколлар тузилган. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг таъкидлашича, ҳибсга олинганлар орасида кераксиз жойда бўлиб қолган айбсиз одамлар ҳам бор.
Марказ маълумотига кўра, Гомелда бир неча киши тергов ҳибсхонасида қолдирилган.
Номзодларни қўллаб-қувватловчи “Бирдамликнинг мустаҳкам занжирлари”
Кеча, 19 июнь куни Минскда, Беларуснинг вилоят, туман ва шаҳарларида, республика Президентлигига номзодларни қўллаб-қувватлаш мақсадида бирдамлик пикетлари бўлиб ўтди. Шунингдек, акциялар Брест, Гомел, Витебск, Гродно, Могилев ва бошқа шаҳарларда ҳам ўтказилди. Шу билан бирга, на сиёсий ва на мухолифат вакиллари, на ижтимоий тармоқлардаги фаоллар пикетларни олдиндан эълон қилмаган эди.
Кечқурун Беларусь пойтахтида мобиль интернет билан боғлиқ муаммолар юзага келди. Бундан ташқари, Мустақиллик проспектидаги баъзи метро станцияларига кириш вақти-вақти билан тўсиб қўйилган. Йўлларнинг баъзи қисмларида машиналарнинг ҳаракати тақиқланган.
Минск аҳолиси шаҳарнинг турли бурчакларида, ҳам марказда, ҳам ташқи кўчаларда тўпланишди. Бирдамликнинг мустаҳкам занжирлари бутун Минскка чўзилиб кетди. Полиция бунга йўл қўймасликка ҳаракат қилди, одамлар хиёбондан ҳайдаб чиқарилди ва қаршилик кўрсатганлар қўлга олинди.
Хусусан, “Reuters”, TUT.BY ва Onliner.by порталлари ва бошқа ОАВ журналистлари ҳибсга олинган. Айни пайтда ҳибсга олишлар фуқаролик кийимидаги одамлар томонидан амалга оширилди. Ички ишлар вазирининг ўринбосари - жамоат хавфсизлиги полицияси бошлиғи Александр Барсуков ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ишини назорат қилди.
18 июнь куни Минскда Президентликка муқобил номзодларни қўллаб-қувватлашга қаратилган етти соатлик бирдамлик митинги ҳам бўлиб ўтди.
Сайловолди кураши
Беларусда 19 июнь куни Президентликка номзодларни кўрсатиш учун имзолар тўплаш босқичи якунланди. Имзо тўплаш пикетлари, Беларусь қонунларига кўра, ҳокимият рухсатисиз ўтказилиши мумкин. Муқобил номзодлар орасида энг кўп имзони собиқ банкир Виктор Бабарико тўплади.
Маълумотларга кўра, 6 майдан 17 июнгача 98 киши имзо тўплаш учун тинч митинг ва пикетларда қатнашганлик учун маъмурий моддалар бўйича жами 1 316 кун қамоққа олинган. 107 кишига 90 000 беларусь рубли (37,8 минг доллар) миқдорида жарима қўлланилган.
Беларусда Президент сайловлари 9 августга белгиланган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь