Сайлов кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев хабар берди.

Маълум қилинишича, янги лойиҳага кўра, Сайлов кодексининг қуйидаги моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилган: 

  • 14, 20, 22, 101 ва 102-моддаларида юқори турувчи сайлов комиссияларининг ваколатларидан қуйи турувчи сайлов комиссияларининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқишни чиқариб ташлаш; 
  • 21-моддада Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияси комиссия раиси, раис ўринбосари, котиби ва ўн бир – ўн саккиз нафар комиссия аъзосидан иборат таркибда тузилишини белгилаш; 
  • 31-моддадан сайлов бюллетенида номзоднинг эгаллаб турган лавозими (машғулотининг тури), иш жойи кўрсатилиши ҳақидаги нормани чиқариб ташлаш; 
  • 38-моддада сайловларда сиёсий партия ёки номзодларни қўллаб-қувватлаб имзо қўйишда фуқаролар паспорт билан бир қаторда идентификация картаси орқали ҳам шахсини тасдиқлаши мумкинлигини белгилаш; 
  • 48-моддада сайловчилар билан учрашувлар каби оммавий тадбирлар уларнинг ўтказилиши жойи ва вақти ҳақида туман (шаҳар) ҳокимликлари камида уч кун олдин ёзма равишда хабардор қилинган ҳолда ўтказилиши, бунда, ушбу оммавий тадбирларни ўтказиш учун рухсатнома талаб этилмаслигини белгилаш. 

Депутатнинг ёзишича, Қонун лойиҳаси ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси сайловлар бўйича миссиясининг Ўзбекистонда сайлов тизимини такомиллаштиришга қаратилган тавсиялари бўйича сайлов тўғрисидаги амалдаги қонунчиликнинг таҳлиллари асосида Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан ишлаб чиқилган. 

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилиниб, Сенатга юборилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

252

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг