Сауль Альварес жанг қиладиган кечада икки ўзбекистонлик боксчи рингга кўтарилади
Спорт
−
07 Май 2022
3649Эртага, 8 май куни вазн тоифасидан қатъи назар дунёнинг энг кучли профессионал боксчиси Сауль Канело Альварес 76 килограмм вазн тоифасига кўтарилиб, WBА чемпиони Дмитрий Бивол билан жанг қилади.
Битта паст тоифада, яъни 73 килограммли боксчилар орасида Канело мутлақ доминант чемпион ҳисобланади. 76 килограммда эса фаолиятида иккинчи бор рингга кўтарилади. Бивол ҳали бирор марта ютқазмаган ва камарни 10 марта ҳимоя қилган.
Қайд этиш жоизки, Лас Вегасдаги Т-Mobile аренада ўтадиган жанглар кечасида ўзбекистонлик икки боксчи Шаҳрам Ғиёсов ва Элнур Абдураимов ҳам жанг қилади.
Шаҳрам Ғиёсов (12-0-0) ҳам ўзи учун янги тоифада мексикалик Кристиан Гомес билан учрашади. У аввал 63 килогармм вазн тоифасида жангларда иштирок этарди, энди эса 66 килограммли боксчилар тоифасига кўтарилди. Гомес Шаҳрам учун жиддий рақиб бўлиши мумкин. Унинг профессионал боксдаги рекордида 22 та ғалаба, 2 та дурранг ва 1 мағлубият бор.
Шунингдек, Элнур Абдураимов ўзининг профессионал боксдаги 9-жанггини ўтказади. Ўзбекистонлик боксчи ҳали бирор маротаба мағлуб бўлмаган. Унинг кубалик рақиби Мануэль Корреа ҳам ҳали ютқазмаган.
Маълумот ўрнида, Элнур Абдураимов Тошкент вақти билан 2:00 да жанг қилса, Шаҳрам Ғиёсовнинг жангги 6:30да ўтказилади. Жанглар вақти бироз эртароқ ёки кечроққа сурилиши мумкин. Бу бошқа жангларнинг натижасига боғлиқ.
Маъруф Абдумаликов
LiveБарчаси