Саудия Ямандаги уруш бўйича мажбурият олди – Байден

Олам

image

АҚШ Президенти Жо Байден Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон билан учрашувдан сўнг расмий Ар-Риёд Яманда БМТ воситачилигида эришилган сулҳни узайтириш ва мустаҳкамлаш мажбуриятини олганини ҳамда Форс кўрфази инқирозига сабаб бўлган урушни тугатиш бўйича келишувга эришилганини маълум қилди. Бу ҳақда “Bloomberg” агентлиги хабар берди. 

Нашр Саудия бошлиқ коалиция ва Ямандаги ҳутийлар ("Ансоруллоҳ" ҳаракати) ўртасида етти йилдан бери давом этаётган урушнинг барча томонлари апрель ойида эришилган келишувни июнь ойида яна икки ойга узайтирганини эслатган.

Шунингдек, Президент Байден Ар-Риёдни барча ташқи таҳдидлардан, жумладан ҳутийлар томонидан уюштириладиган ҳужумлардан ҳимоя қилишга ваъда берган.

Президентлик даврининг бошида Байден Саудия Арабистонига ҳужум қуроллари савдосини тўхтатиб қўйганди. Бу ҳам етмаганидек, АҚШ маъмуряти ҳутийларни террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқариб ташлади. Бу қарорлар ортидан АҚШнинг араб оламидаги тарихий иттифоқчиси билан муносабатларидаги кескинлик кучайди.

Аммо, Байден маъмурияти Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан ёқилғи энергетика нархининг ошиши иқтисодиётни издан чиқараётгани сабабли оралиқ сайловлар олдидан Саудия Арабистони билан муносабатларни яна илиқлаштиришга қарор қилди.

Маълумот учун, 2015 йилда Эрон томонидан қўллаб-қувватланган ҳутий исёнчилар Яман пойтахти Санони эгаллаб олиб, мамлакат Президенти Абд-Раббу Мансур Хадини ҳокимиятдан четлатганди. Ўз навбатида Хади Саудиядан ёрдам сўрагач, Ар-Риёд Ғарбий Осиё ва Шимолий Африканинг 9 давлати – БАА (2016 йил июнгача), Судан (2019 йилгача), Баҳрайн, Миср (2016 йил октябргача), Қувайт, Қатар (2017 йил июнгача), Иордания, Марокаш (2019 йил февралгача), Сенегалга бош бўлиб, Яманга қўшин киритган. Шундан бери "Ансоруллоҳ" ҳаракати ва коалиция кучлари ўртасида тўқнашувлар юз бераётганди. Жорий йилнинг апрель ойида можаро томонлари ўртасида сулҳга эришилди.

Абдулвоҳид Ёқубов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

146

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг