Саудия Яман пойтахтига ҳаводан зарба берди
Олам
−
24 Декабрь 2021
7962Саудия Арабистони бошлиқ араб давлатлари коалицияси Яман пойтахти Сано шаҳрига ҳаводан зарба берди. Бунга расмий Ар-Риёднинг Яман шимолини бошқараётган исёнчи “Ансоруллоҳ” (ҳутийлар) ҳаракатига мамлакатнинг асосий стадионидан қуролларни олиб чиқиб кетиш бўйича қўйган “ультиматум”и муддати тугагани сабаб бўлди. Бу ҳақда Сано маҳаллий ҳукумати РИА Новостига маълум қилган.
“Саудия Арабистони бошчилигидаги араб коалициясининг жанговар самолётлари пойтахт Сано узра иккита парвозни амалга ошириб, шаҳар марказидаги таъминот лагерига зарба берди”, деган манба.
Ўз навбатида, Саудия Арабистони бош коалициянинг “ Al-Ekhbariya” телеканали учун берган баёнотида айтилишича, ҳутийларга берилган вақт ичида улар стадиондаги қуролларни лагерга олиб ўтишган ва тўққизта қурол омборига киришга муваффақ бўлишган.
Бугун, 24 декабрь куни эрта тонгда араб коалицияси ҳутийларга Санодаги миллий футбол терма жамоаси жойлашган ва машғулотлар ўтказаётган “Ал-Тавра” стадионидан қуролларни олиб чиқиш ултиматуми доирасида берилган олти соатлик муҳлат тугаганини эълон қилганди.
Коалициянинг стадионни тозалаш талабига жавобан Яманнинг “Ансоруллоҳ” гуруҳи етакчиларидан бири Муҳаммад Али ал-Ҳутий БМТ вакилларини Сано шимолидаги спорт шаҳарчасидаги “Ал-Тавра” стадионига боришга чақирди. У саудияликларнинг Санога ҳужумини Исроилнинг Ғазо секторини бомбардимон қилишига қиёслади.
Маълумот учун, Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган“Ансоруллоҳ” ҳаракати исёнчилари 2014 йилнинг сентябрь ойидан буён Яман пойтахти Сано ва мамлакатнинг бир қанча ҳудудларида назоратни ўрнатган.
Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция Яман ҳукуматини 2015 йилнинг март ойидан бери ҳутийларга қарши курашда қўллаб-қувватлаб келади.
Маълумот ўрнида, Яман дунёдаги энг қашшоқ давлатлардан бири. Мамлакатда 7 йилдан бери давом этаётган уруш оқибатида 233 минг киши қурбон бўлган.
БМТ маълумотларига кўра, тахминан 30 миллион аҳолига эга Яман, дунёдаги энг жиддий гуманитар инқирозлардан бирига дуч келган. Мамлакатдаги 22 миллиондан ортиқ одам ёрдам ва ҳимояга муҳтож.
Мунира Турсунова
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь