Саудия Қорабоғни миналардан тозалашда Озарбайжонга ёрдам беради
Олам
−
17 Январь
2221Озарбайжон миналар билан курашиш агентлиги (ANAMA) Саудия Арабистони Қорабоғни миналардан тозалаш учун молиявий ёрдам беришини маълум қилди.
Озарбайжон ҳукумати Қорабоғ ҳудуди устидан назоратни қайта тиклаганидан сўнг, минтақани миналардан тозалашни режалаштирмоқда. Минтақада 1994-2020 йиллар оралиғида мина хавфи барча ҳудудларда, жумладан, ўша пайтда собиқ Тоғли Қорабоғ ва бир қатор чегарадош вилоятларда ҳам мавжудлиги таъкидланди.
Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, аввалроқ, минтақани миналардан бутунлай тозалаш учун тахминан 30 йил ва 25 миллиард доллар керак бўлишини айтган эди.
“Саудия Арабистони ҳукумати қирол Салмон гуманитар ёрдам маркази орқали Озарбайжоннинг миналардан тозалаш фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлайди”, дейилади Араб маъмуриятининг баёнотида.
Озарбайжон Мудофаа вазирлигига кўра, бугун, сешанба куни Саудия Арабистони Миллий Мудофаа Университети ва Қўмондонлик-штаб коллежи маъмурлари ҳам Бакуга ташриф буюрган.
Ўзаро суҳбат чоғида ҳарбий таълим соҳасида ҳамкорлик ва бу борада амалга ошириладиган ишлар муҳокама қилинган.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг ноябрь ойида Арманистон ва Саудия Арабистони ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисидаги протокол имзоланган эди ва Саудия Арманистон билан алоқа ўрнатишдан олдин Озарбайжонни огоҳлантиргани айтилган.
LiveБарчаси