Саудия Арабистони мактабгача таълим соҳаси учун Ўзбекистонга салкам 11 млн доллар қарз беради

Жамият 2415
image

Саудия Арабистони Ўзбекистода мактабгача таълим соҳасини ривожлантириш учун салкам 10,9 миллион доллар қарз беради. Бу ҳақда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг ”Саудия тараққиёт жамғармаси иштирокида “Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни қўллаб-қувватлаш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида сўз боради.

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Саудия тараққиёт жамғармаси (СТЖ) ўртасида 2020 йил 17 декабрда “Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни қўллаб-қувватлаш” лойиҳасини молиялаштириш учун йиллик 2 фоиз ставкада 5 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган, қиймати 41 миллион саудия риали (10,9 миллион АҚШ доллари эквивалентидаги) бўлган қарз битими имзоланган. Битим Президентнинг “Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ тузилган.

Қуйидагилар тасдиқланди:

  • “Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни қўллаб-қувватлаш” лойиҳасининг асосий техник-иқтисодий кўрсаткичлари;
  • мазкур лойиҳа бўйича асосий қарз ва фоиз тўлашнинг прогноз жадвали.

Лойиҳа доирасида лойиҳада иштирок этувчи тижорат банкларига субсидиар қарз миллий валютада тақдим этилади. Саудия риалига нисбатан миллий валюта курслари тебраниши туфайли салбий харажатлар (валюта хатари) Ўзбекистон Республикасининг миллий бюджети ҳисобидан қопланади.

Лойиҳа бўйича маблағларни ўзлаштириш даври 3 йилни (2021-2023 йиллар) ташкил этади.

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги ДХШ тамойили асосида нодавлат МТМни молиялаштиришга бириктирилган тижорат банклари СТЖ маблағлари ҳисобидан хусусий шерикларга имтиёзли кредит ажратилиши учун масъул ҳисобланади.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 4 июлдан кучга кирди.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 44
Рейтинг: 2.9
t
×