Сариосиё-Тошкент йўналишидаги поездда кекса аёл вафот этди

Жамият 4448
image
-

Ижтимоий тармоқларда Сариосиё-Тошкент йўналишида ҳаракатланувчи йўловчи поездида биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун дори воситалари, “аптечка”, ва тиббий билимга эга бирор шахс йўқлиги боис, бир кекса аёлнинг тоби қочиб, вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди. “Oʻztemiryoʻlyoʻlovchi” АЖ ҳолат юзасидан расмий изоҳ берди.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 25 апрел куни №681 сонли Сариосиё-Тошкент йўналишида ҳаракатланувчи йўловчи поезднинг 17-вагони 30-ўриндиғига Сариосиё бекатидан 1961 йилда туғилган йўловчи Б.Г. қизи ва ўғлининг ҳамроҳлигида Тошкент шаҳрига йўлга чиққан. Йўловчи Б.Г. вагонга чиқаётган вақтида аҳволи оғир эканини инобатга олиб вагон кузатувчилари С.К. ва И.Қ. томонидан йўловчига амалий ёрдам берилган ҳамда ҳар бир темир йўл бекатларига тиббиёт ходимлари вагонга чақиртирилган. 

Йўл сафари давомида Б.Г.нинг аҳволи кескин равишда оғирлашиб Денов, Қумқўрғон, Бойсун, Дарбанд вокзалларидан тиббиёт ходимлари томонидан биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган. Қумқўрғон тиббиёт пункти навбатчи фельдшери М.А. соат 18:20 ларда Сариосиё-Тошкент йўловчи поездининг 17-вагонидаги бемор Б.Г.га биринчи тез тиббий ёрдам қўрсатаётган вақтида беморнинг қизи онасининг жигар серрози касаллиги билан оғриганини айтади. Буни у ўз тушунтириш хатида ҳам баён қилган.

Дарбанд вокзали ҳамшираси Н.Н. Термиз-Тошкент йўловчи поездининг 17-вагонида бемор аёлга биринчи тиббий ёрдам қўрсатиш вақтида, беморнинг фарзандларига уни йўловчи поездидан тушириб олиб қолишни айтган. Беморнинг ўғли поезддан тушиб қолишга рози бўлмаган, у буни ўз тушунтириш хатида ҳам баён қилган. Темир йўл бекатларида биринчи тиббий ёрдам кўрсатилишига қарамасдан мазкур поезд Оқработ темир йўл бекатига яқинлашаётганида тоби қочган бемор йўловчи оламдан ўтган. 

Хабарда қўшимча қилинишича, бугунги кунда “Ўзбекистон темир йўллари ”АЖ га қарашли барча поездларда тиббиёт қутилари(аптечкалар), биринчи ёрдам кўрсатиш учун дори-дармонлар билан таъминланган. Бундан ташқари ҳар бир станцияда тиббиёт хоналари мавжуд, уларда кечаю кундиз тиббиёт ходимлари фаолият олиб боради. Шунингдек, айни кунда йўловчи поездларни техник ва технологик йўлга тайёрлаш корхонасида 100 га яқин тиббиёт қутилари заҳира қилинган. Улар дори воситалари билан тўлдирилиб, фойдаланиш муддати доимий равишда назорат қилиб борилади.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 180
Рейтинг: 3
t
×