Сариосиё аэропорти 30 йилдан сўнг фаолиятини тиклади

Жамият

image

Бугун, 30 май куни Сурхондарё вилоятидаги Сариосиё аэропорти 30 йилдан сўнг илк рейсини қабул қилди. Бу ҳақда “Uzbekistan Airports” хабар берди.

Қайд этилишича, Тошкентдан бортида 48 нафар йўловчи билан учган самолёт маҳаллий вақт билан соат 15:41 да аэропортга қўнган. Анъанага кўра, самолёт сув аркаси билан, йўловчилар эса карнай ва сурнай садолари остида кутиб олинган.

Вилоят аэропортида аэродромнинг сунъий юзаларида, яъни учиш-қўниш йўлаги, бурилиш йўлакчаси ва самолётлар учун туриш жойларида капитал таъмирлаш ишлари олиб борилган. Ушбу реконструкция ишларидан сўнг аэропорт 29 апрель куни биринчи техник парвозни қабул қилган.

Бир ой ичида 1100 квадрат метр майдон ва соатига 100 нафаргача йўловчига хизмат кўрсатиш қувватига эга янги терминал қуриш бўйича барча ишлар якунланган. Бугун Сариосиё аэропорти мунтазам рейсларни амалга ошира бошлаб, илк йўловчиларини қабул қилди.

Маълумот учун, Сариосиё аэропорти 1995 йилда фуқаро авиацияси учун ёпилган бўлса, орадан 30 йил ўтиб яна йўловчиларни қабул қила бошлади. Ҳаво бандаргоҳи сўнгги йилларда ўз фаолиятини тиклаган бешинчи минтақавий аэропортга айланди. Бунгача Мўйноқ, Қўқон, Шаҳрисабз ва Зомин аэропортлари реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон халқаро аэропортида аэродром реконструкциясининг биринчи босқичи якунланиб, Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг Тошкент-Андижон йўналиши бўйича биринчи техник рейсини қабул қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Сурхондарё Сариосиё аэропорти

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг