Сариқ денгизда АҚШ ва Хитой қирувчилари юзма-юз келди

Олам

image

Сариқ денгиз устида Жанубий Кореядаги АҚШ ҳарбий бўлинмаси (USFK) ҳамда Хитой ҳарбий-ҳаво кучлари қирувчи самолётлари ўртасида қисқа муддатли ҳаво қарама-қаршилиги кузатилди. Манбаларга кўра, Вашингтон ҳаво кучларининг камёб машғулотига жавобан Пекин томони ўз қирувчиларини ҳавога кўтаришга мажбур бўлган. Бу ҳақда “Yonhap” хабар берди.

Осан авиабазасидан учган бир нечта F-16 самолёти халқаро ҳаво ҳудуди – Сариқ денгиз устида парвоз қилган. Улар Жанубий Корея ва Хитойнинг ҳаво мудофаасини аниқлаш зоналари (ADIZ) оралиғидаги ҳудудга йўл олгани ортидан Пекин ҳам ўз жанговар самолётларини сафарбар этган. Бироқ томонлар ўртасида тўқнашув содир бўлмаган.

Маълум қилинишича, USFK машғулот режасидан Сеулни олдиндан хабардор қилган, аммо унинг мақсади ва тафсилотларини очиқламаган. Жанубий Корея Мудофаа вазирлиги ҳодиса юзасидан батафсил изоҳ бермаган.

Мазкур воқеа Вашингтоннинг Корея яриморолида жойлашган кучлари ролини қайта кўриб чиқиши мумкинлиги ҳақидаги тахминлар фонида юз берган. Ўтган ой эълон қилинган Пентагоннинг янги Мудофаа стратегиясида Жанубий Корея КХДРни жиловлашда “асосий масъулият”ни ўз зиммасига олиши, АҚШ эса “муҳим, бироқ маълум даражада чекланган” ёрдам кўрсатиши мумкинлиги қайд этилган.

USFK қўмондони, генерал Хавиер Брунсон ҳам кучларнинг “мослашувчанлиги” зарурлигини таъкидлаб, Қўшма Штаталар қўшинлари минтақада инқироз юз берганда тезкор ҳаракатлана оладиган позицияда эканини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жанубий Корея ҳукумати 2018 йилда имзоланган, лекин сўнгги йилларда Шимолий Корея билан ҳарбий келишув доирасида тўхтатилган чегара ҳудудида учиш тақиқини тиклашни режалаштираётгани хабар қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Жанубий Корея Вашингтон Сариқ денгиз

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг