Сардор Раҳимхон: “Одамлар етим учун чўнтагидан бир сўм чиқармайдиган бўлиб қолган”
Жамият
−
13 Октябрь 2021
21174Ҳадисларда “Ким Аллоҳ азза ва жалла учун бир етимнинг бошини силаса, қўли нечта сочнинг устидан ўтса, шунча ҳасанот ёзилади”, дея айтилади.
Изтиробли болалик, соғинч, аччиқ кўз ёшлар... Афсуски, орамизда ота-она меҳри, эътиборига ташна болалар талайгина. Атрофдагиларнинг эзгу амаллари, дил сўзлари, кўмаклари ота-она меҳри ўрнини босмаса ҳам норасидаларнинг келгуси ҳаёти учун дастак бўлиши аниқ. Ана шу мақсадда йўлга қўйилган “60 кабутар” лойиҳасининг навбатдаги босқичида ҳам меҳрга муҳтож болаларга қўл узатилди.
Бугун, 13 октябрь куни бўлиб ўтган маросимда турли ҳудудлардан келган меҳр ва мурувватга муҳтож болалар жамланди. Уларнинг ҳар бирига 1 миллион сўмдан пул ёрдами, бундан ташқари, 20 та велосипед, 20 та тикув машинаси, 5 та телевизор, 12 та лептоп, 1 та кондиционер, 1 та музлатгич, 3 та телефон, 3 та планшет каби совғалар топширилди.
Совғаларни аралаш жанг санъати спортчиси, Осиё чемпиони Маҳмуд Муродов топширди. У ҳар доим болаларни қўллаб қувватлашга тайёрлиги ва яқин кунларда меҳрга муҳтож болалар учун бепул спорт мактаби очишни режалаштираётгани ҳақида ҳам айтиб ўтди.
Лойиҳа раҳбари Сардор Раҳимхон тадбирга ташриф буюрган меҳмон ва иштирокчиларга фақат суратга тушиш билан овора бўлмай, аксинча, болаларга меҳр улашиш зарурлигини эслатди. Тадбирни ташкиллаштиришда яқиндан ёрдам берган инсонларга ўз миннатдорлигини билдирди.
“Кўпчилик нима учун бу хайрли амалларни видеога оласизлар?”, дея савол беради. Азизлар, бу – ибрат. Биз фақат кўрган нарсаларимизга ишонадиган бўлиб қолдик. Айрим одамларга “Эҳсоннинг мукофоти – фақат эҳсон, етим учун бир сўм бер”, десак, бермайди. Токи шуни кўрсатиб, қалбини ёриб ўтиб, йиғлатмагунча, одамлар чўнтагидан бир сўм чиқармайдиган бўлиб қолган. Шуни тушунингки, бу – ибрат лойиҳаси. Қилаётган ишларимизни Аллоҳ риёдан сақласин. Мақсадимиз фақатгина Аллоҳнинг розилиги ва шу болажонларнинг хурсанд бўлишидир. Улар доим бизнинг назоратимизда, биз ҳамиша уларнинг ёнидамиз. Нафақат бу совғалар билан, балки ҳаёт йўлларида қўлдан келганча мадад бўламиз. “Юрак амри” миллионлаб инсонларнинг лойиҳаси”, дейди Сардор Раҳимхон халқдан дуо сўраб.
У сўзини якунлар экан, “Бизни яхшилик қутқаради, қизларимизнинг бугунги қувончлари насиб этса ҳаммамизнинг гуноҳимизни йўққа чиқаради”, дейди Раҳимхон.
Шодиёна болажонлар учун кутилмаган ҳодисалар билан бошланди. Ноз-неъматларга тўла дастурхон, ўйинлар, афсонавий эртак қаҳрамонлари ва улар иштирокидаги саҳна чиқишлари болаларнинг кайфиятини кўтарди.
LiveБарчаси