Сардобадаги тошқинда вайрон бўлган баъзи объектларни тиклашга 4,4 млрд ажратилди

Жамият

image
0:00
0:00
download

Сирдарё вилоятида жойлашган Сардоба сув омборида юзага келган фавқулодда ҳодиса оқибатида Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида зарар кўрган ирригация ва мелиорация объектларини қуриш, таъмирлаш ишлари билан боғлиқ харажатлар учун давлат бюджетидан 4,4 миллиард сўм ажратилади. Бу ҳақда Сирдарё вилояти ҳокимининг тегишли фармойишида келтирилган.  

Фармойишга кўра, 3 миллиард сўм маблағ Қуйи Сирдарё ирригация тизимлари хавза бошқармасига, 1,4 млрд сўм маблағ Қуйи Сирдарё ирригация тизимлари хавза бошқармаси ҳузуридаги мелиоратив экспедициясига ажратилади.

Эслатиб ўтамиз, Сардоба сув омбори тўғонининг бир қисми 2020 йил 1 май куни ёрилиши оқибатида йирик сув тошқини юз берганди. Оқибатда Сардоба туманидаги “Юртдош”, “Дўстлик” ва “Қўрғонтепа” МФЙлари, Мирзаобод туманидаги “Саховат”, “Аҳиллик” ва “Шодлик” МФЙлари ҳамда Оқолтин туманидаги “Дўнгариқ”, “Мирзачўл”, “Ҳақиқат” ва “Навбаҳор” жами 10 та МФЙларидаги аҳоли пунктларида турар ва нотурар мулклар, ижтимоий соҳа обектлари ва қишлоқ хўжалиги экинларига жиддий талафот етди.

Бош прокуратура Сардоба сув омбори тўғонининг ўпирилишига лойиҳалашдаги хатоликлар, қурилиш жараёнида меъёрларга риоя қилмаслик, эксплуатация жараёнидаги хатоликларни сабаб қилиб кўрсатди. 2021 йилнинг майида “Сардоба иши”да айбдор деб топилган 17 кишига суд ҳукми ўқилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

27

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг