Сардоба тошқинидан жабрланган фуқародан пора олган маҳалла раисига ҳукм ўқилди

3-саҳифа

image

Сирдарё вилоятида жойлашган Сардоба сув омборида юзага келган фавқулодда ҳодиса оқибатида жабр кўрган фуқародан пора олган маҳалла раисига 2 йил-у 6 ой озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Бу ҳақда Олий суд Матбуот котиби маълум қилди.

Қайд этилишича, Сирдарё вилояти Оқолтин тумани “Саховат” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Б.Д.нинг “Сардоба сув омбори” тўғони ёрилиши оқибатида яшаш хонадонига жиддий зарар етган. У яшашга шароити йўқлигини маҳалла фуқаролар йиғинига келиб маълум қилиш билан бирга уй-жой қуриш учун ер участкасини ажратишда кўмак сўраган.

Маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ш.Б. эса ер участкасини ажратиш ўзининг ваколати доирасига кирмаса-да, фуқарога туман ҳокимлигида танишлари борлиги, улар ер ажратишда ёрдам беришини айтган. Бунинг эвазига пора бериш кераклигини ҳам маълум қилган.

2020 йил июль ойида Оқолтин тумани, “Саховат” маҳалласида жойлашган дала шийпонида оқсоқол Б.Д. дан 300 АҚШ доллари миқдордаги пулни фирибгарлик йўли билан қўлга киритган. Аммо айтилган ишни ҳал қилмай, маблағни ўзининг шахсий эҳтиёжларига ишлатиб юборган.

Икки карра жабрланган фуқаро эса бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот органларига маълум қилган. Сирдарё вилояти суди раисининг ўринбосари — жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Бобошер Қурбоновнинг маълум қилишича, ушбу ҳолат юзасидан суд жараёни бўлиб ўтган.

Суд томонидан судланувчига Жиноят кодекси 168-моддаси 3-қисмининг “в” банди, 28, 211-моддасининг 1-қисми билан Жиноят кодексининг 45, 59-моддаларига асосан 3 йил муддатга муайян ҳуқуқдан, яъни маҳалла раиси ва маҳалла идораларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, сутканинг соат 21:00 дан 06:00 га қадар яшаш жойидан чиқиши чекланган ҳолда 2 йил 6 ой озодликни чеклаш жазоси тайинланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

110

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг